Авжига чиққан “Батька”, Каримов ва Мирзиёевни ҳақорат қилган блогер, ЖССТнинг хавотирли баёноти – 8 февраль дайжести

Таҳлил

image
Бугун, 8 февраль куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? Сўнгги қайноқ хабарлар қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишишингиз мумкин.

Жамият

Чигит можароси: Аксилмонополия Қашқадарё ҳокимлиги ва ИИБ қонунни бузганини маълум қилди

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг буйруғи билан пахта чигитини ҳудуддан олиб чиқиб кетиш тақиқлаб қўйилганди. Бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш бўйича ўз хулосасини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига ўтган йил 23 декабрь куни Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган “Pet agro oil” ҳамда “Oil extraction” МЧЖнинг мурожаатлари келиб тушган.

Мазкур мурожаатларда, “Pet agro oil” МЧЖтомонидан тегишли тартибда биржа савдолари орқали Қашқадарё вилоятида жойлашган “Koson Baxt Tekstil” МЧЖдан пахта чигити сотиб олгани, бироқ ушбу чигитни Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишда вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоятнинг “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан ушлаб туриш каби тақиқлар мавжудлиги билдирилиб, ушбу масалада амалий ёрдам бериш сўралган.

Тошкент вилоятида порахўр судьяга нисбатан жиноят иши очилди

Кеча, 7 февраль куни пора олишда айбланган Тошкент вилояти судьяси пора олишда айбланиб, жиноят иши фигурантига айланди. 

Судьялар олий кенгаши Матбуот хизматининг маълум қилишча, Бош прокурорнинг Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судьяси Т. О.ни Жиноят кодексининг 210-модда (пора олиш) 2-қисми билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси кенгашнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган.

Якунда Кенгаш хулосаси билан Т.О.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган.

Шаҳрисабзда “главврач” пора билан ушланди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида марказий поликлиника бош шифокори 2 000  доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби хабар берди.

Шаҳрисабз тумани поликлиника бошлиғи фуқарога 20 сотих ерни ноқонуний сотиш мақсадида 2000 АҚШ доллари олаётганда қўлга тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатган. Айбланувчи эса қамоққа олинган.

Ҳокимлар ҳудудларнинг беги эмас, халқнинг ёлланма ишчиси — Русланбек Давлетов

Ўзбекистондаги ҳокимлар ва соҳа раҳбарлари ўз ҳудуди ҳамда соҳасининг беги эмас, балки халқнинг ёлланма хизматчиси. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов кеча, 7 февраль куни жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган Матбуот анжуманида маълум қилди.

Анжуманда вазир ҳамма ҳокимлик қарорлари “e-qaror” тизимида шаффоф чиқишни бошлаши ортидан резонанслар ҳам кузатилаётганини алоҳида урғулади.

“Ҳамма ҳокимият қарорлари “e-qaror” тизимида шаффоф чиқишни бошлади. Бюджетдан қанча пул ажратилётгани очиқ айтиляпти. Бизга ҳам мониторинг назорат қилиш осон бўлди. Чунки олдин бориб, кўриб, текширар эдик. Ҳозир ҳаммасини кўриб турамиз, чунки биз, адлия тизими, “back” офисда ўтирамиз. Негаки васият ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ бўлган ёпиқ ҳужжатлар ҳам бўлади. Ўша пайтда маҳаллий бюджет пулини сарфлашни ҳам ёпишга ҳаракат қилинган ҳолатлар бор. Кўрсаткиси келмайди. “Битта ҳайкалга шунча пулми”, деб жамоатчилик дарров кўтаради. Тўппа-тўғри, кўтариш керак. Балки шу орқали қайси томонг пул кетқазиш бўйича қадриятларимизни тўғри йўлга қўйиб олармиз”, дейди вазир Давлетов.

Каримов ва Мирзиёевни ҳақорат қилган блогер қамалди

Хоразмда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилган шахс уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси – “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Хазорасп туманининг Бўстон қишлоғида яшовчи блогер Собиржон Бобониёзов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган.

Эркаклар қўймаган қадам. Ўзбекистонда аёл ҳоким кенгаш раислигидан воз кечди

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова Халқ депутатлари туман кенгашига раислик қилишдан воз кечди. У бу ваколатдан воз кечган биринчи ҳоким бўлди.

“Яна бир янгиликни айтмоқчиман. Бундан буён кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Тажриба тариқасида Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасида сайланади. 

Бир умрлик орзуйим шу, энди биринчи сектор раҳбари сифатида кенгаш мажлисида секторлар қаторида пастда ўтириб, нейтрал ҳисобот топшираман, яъни ўзим кенгаш раиси вазифасини амалга оширмайман”, деган у.

Навоийдаги қамоқхонада маҳкум ўз жонига қасд қилди. Бунга колония ходими айбдорми?

Жорий йилнинг 4 февраль куни Facebook’даги Дилдора Боймуродова исмли фойдаланувчи ўз саҳифасида Навоий вилоятидаги 36-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум Умид Жонузоқов ўз жонига қасд қилгани, унга нисбатан колония катта тезкор вакили лавозимида хизмат қилувчи майор Лочин Хидиров томонидан босим ўтказилганлиги тўғрисида видео мурожаат жойлади.

Унда Навоий вилояти 36-сон манзил колониясида Лочин исмли ходим маҳкумга тазйиқ ўтказганлиги устидан маҳкум ўзига тан жароҳати етказганлиги айтилади. Лочин исмли ҳодим маҳкумдан пул сўраганлиги ҳам айтиб ўтилади.

Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ўрганиш олиб бориб, натижаларини эълон қилди.

Андижонда ўқитувчилар бош эгиб узр сўрагани айтилмоқда. Вазир буни сиёсатга қарши ҳаракат деб атади

Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар ва ўқитувчиларнинг мактаб фаоллар зали саҳнасида бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалди. Мазкур ҳолат тармоқда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. 

Жамоатчиликни жумбушга келтирган воқеага Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов муносабат билдириб, бу давлат сиёсатига қарши ҳаракат эканини айтди. 

“Бугун Марҳамат туманида юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларимизнинг шаънини ерга уриш, балки давлатимиз сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолайман.  

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис бугун давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар”, дейди вазир.

Олам

Путин Порошенкони “қаноти остига” олмоқчи бўлганини айтди

Россия Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенкога унинг президентлик даврида агар унда қандайдир қийинчиликлар туғилса, сиёсий бошпана таклиф қилмоқчи бўлган. Россия ҳозир ҳам бунга тайёр. Бу ҳақда Президент Владимир Путин маълум қилди.  

“Ўз вақтида, жаноб Порошенко ҳали Украина Президенти бўлганида, мен унга келажакда қандайдир қийинчиликларга дуч келса, Россия унга сиёсий бошпана беришга тайёрлигини айтгандим”, деган Путин Россия-Франция музокаралари якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида. 

“Батька” авжига чиқди. Лукашенко Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилишини айтди

Жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда юз берган тартибсизликлардан кейин бу ҳолатдан аввало Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини айтган Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Марказий Осиё давлатлари ҳақида турли провокацион чиқишларини тўхтатмаяпти.

Бу сафар Лукашенко Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон 15 йилдан кейин Россия ва Беларусьнинг 23 йилдан бери такомилига етмаётган иттифоқ давлатига кириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Лукашенко россиялик журналист Владимир Соловёвга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Криминал авторитет “Ёввойи Арман” 24 кишини ўғирлашда айбланмоқда

Қозоғистонда тартибсизликлар бўлган кунларда криминал авторитет Арман Жумагелдиев (“Ёввойи Арман” номи билан машҳур) тўдасининг қуролланган аъзолари 24 кишини ўғирлаб кетишган ва ҳибсга олган, улардан бири ҳалок бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон прокуратурасининг махсус прокурорлар хизмати бошлиғи Ризабек Ожаров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўғирлаб кетилганларни дўппослашган.

“Улар аввалроқ 12-шаҳар шифохонасида (Олма-ота шаҳрида) қаттиқ калтакланган полиция ходимидан қуролни ҳам олиб кетишган. Ушбу фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилмоқда”,  дея қўшимча қилган Ожаров.

Айтамиз ҳам, қайтамиз ҳам. Лукашенко Россия бошчилигида Сурияга қўшин киритади 

Россия ҳукумати Беларусь билан Сурияда 200 кишигача бўлган Беларусь ҳарбий контингентини жойлаштириш бўйича муддатсиз келишув лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий интернет порталида эълон қилинган.  

Шартнома лойиҳасида қайд этилишича, Беларусь контингенти жанговар зонадан ташқарида гуманитар тадбирларда иштирок этади, у Россия авиация гуруҳи жойлашган жойда — Хмеймим авиабазасида жойлаштирилади. 

Беларусь гуруҳининг вазифалари ва таркиби Беларусь ҳукумати томонидан Россия билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Ҳарбийлар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Урушаётган томонларни яраштириш марказига бўйсунади, аммо Беларусь Мудофаа вазирлиги қўмондонлиги остида қолади. 

“Сиз Россия билан жанг қилишни хоҳлайсизми?” Макрон билан учрашувдан Путиннинг ҳафсаласи пирдек

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларда Москванинг асосий ташвишлари эътиборга олинмаганини айтди. Давлат раҳбари Кремлда Франция етакчиси Эммануэль Макрон билан бўлиб ўтган қарийб 6 соатлик музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида шундай баёнот берди. 

“Музокаралар чоғида биз узоқ муддатли ҳуқуқий хавфсизлик кафолатларини таъминлаш бўйича АҚШ ва НАТОга йўлланган Россия таклифлари бўйича фикр алмашишни давом эттирдик”, деган Путин ва Москванинг бу борадаги хавотирларини санаб ўтди.  

Уруш нафаси келмоқда. Россия жанубида ҳарбий техникалар билан тактик машқлар бошланди

Россия жанубида зирҳли техника, ракеталар ва артиллериядан фойдаланган ҳолда тактик машқлар бошланди. Жанубий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари яқин ҳафталарда Россия жанубидаги 15 та полигонда бошланган 30 дан ортиқ икки томонлама компания-тактик машғулотларида қатнашади. 

Машқлар Волгоград вилояти, Ставропол ўлкаси, Адигея, Чеченистон, Доғистон,  Карачай-Черкесия, Шимолий Осетия, Ингушетия ҳамда Абхазия ва Жанубий Осетиядаги Россия ҳарбий базаларида бўлиб ўтмоқда.

Ҳар бир машғулотда 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, 80 га яқин ҳарбий ва махсус техника иштирок этмоқда. Т-72Б3 танклари, БМП-3 пиёда жанговар автомашиналари, БТР-82А бронетранспортёрлари, “Корнет” ва “Хризантема-С” танкга қарши ракета комплекслари, турли артиллерия қурилмалари жалб этилган. 

Порошенко ўзига қучоқ очган Путинга жавоб қайтарди

Украинанинг собиқ Президенти, Олий Рада депутати Пётр Порошенко Россия етакчиси Владимир Путиннинг унга “гуманитар сабабларга кўра” бошпана бериши ҳақидаги баёнотига изоҳ бериб, Киев буни “ўзи ҳал қилишига” ишонтирди.

Украинанинг собиқ Президенти ўзининг жиноий жавобгарликка тортилишини мамлакатнинг амалдаги раҳбари Владимир Зеленскийнинг “Путинга тайёрлаган совға”си деб таърифлаган. Порошенко унинг иши билан шуғулланаётган амалдаги давлат раҳбари ва ҳуқуқ-тартибот идораларини Россияда таҳдидига қарши Украина ҳимояси учун кўпроқ эътибор қаратишга чақирган.

COVID-19: ЖССТ хавотирли баёнот билан чиқди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар ҳафта COVID-19 инфекциясининг уч-тўрт миллион янги ҳолатлари ҳақида хабар олади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу маълумотлар жараённинг тўлиқ ҳолатини акс эттирмайди. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда ўлим кўрсаткичлари ҳам ўсишни бошлаган. Бу ҳақда ЖССТ етакчи эпидемиологи Мария ван Керкхов маълум қилди. 

“Биз сўнгги тўрт ҳафта ичида бутун дунё бўйлаб ўлим даражаси кескин ошганидан жуда хавотирдамиз. “Omicron” “дельта”ни жуда тез чиқариб ташлади”, деган ЖССТ вакили. 

Путин Украинага ҳужум қилмасликка ваъда берди – Макрон

Россия-Украина можароси ортидан кеча, 7 февраль куни Москвада Президент Владимир Путин билан музокаралар олиб борган Франция Президенти Эммануэль Макрон бугун, 8 февраль куни амалий ташриф билан Украинада бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик.

Украина раҳбари билан учрашган Макронга кўра, Россия Украинага ҳужум қилмайди. Унинг билдиришича, кеча музокаралар давомида Путин Украинага ҳужум амалга оширилмаслиги ҳақида сўз берган. 

“Менга ҳеч қандай кескинлашув ёки ҳужум бўлмаслиги ҳақида ваъда беришди”, деган Макрон Владимир Зеленский билан учрашув аввалида.

Азага келган ўз дардини айтиб йиғлайди. Болгария Украина масаласида хавотирга тушиб қолди

Болгария мудофаа вазири Стефан Янев Украина атрофидаги вазият юзасидан Россия ва НАТО ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. 

“Украина атрофидаги ҳозирги вазият Евроатлантика хавфсизлигига таҳдид солмоқда ва Болгария миллий хавфсизлигига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейди Янев. 

Унинг сўзларига кўра, минтақа совуқ уруш тугаганидан бери энг катта инқирозга юз тутмоқда.

Спорт

Собиқ UFC чемпиони фаолиятини якунлаши мумкин

Америкалик ММА жангчиси Дастин Порье фаолиятини якунлаши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.

“Кейинги фаолиятим нима бўлишини билмайман. Карьерам тугадими? Кўрамиз", деб ёзди Порье Тwitter'да обуначиларнинг саволларига жавоб бериб.

Италия кубогида супер тўқнашув: “Интер” “Рома”ни меҳмон қилади

Италия кубоги чорак финали супер баҳслар билан яна давом этади. Эртага, 9  февралнинг илк соатларида "Рома" ўз уйида "Интер"ни қабул қилади.  Ҳар икки жамоа ўз сафида ажойиб ўйинчиларга эга ва бу ўйинда ғалаба қозонишни хоҳлайди.

"Рома" А Cерия турнир жадвалида еттинчи ўринни эгаллаб турибди.  "Гиаллоросси" ўтган ҳафта "Женоа"га қарши 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва бу учрашув жамоага мухлислар олдида ўзини оқлаб олиши учун имкон бериши мумкин.

Миланнинг "Интер" клуби эса айни дамда чемпионат жадвалида биринчи ўринда бормоқда.  "Нерадзуррилар" аввалги ўйинда азалий рақиби "Милан"дан 2:1 ҳисобида мағлубиятга учраган ва энди Симоне Инзаги шогирдлари бор аламини "Рома"дан олиши кутилмоқда.

“Барселона” ҳомийини ўзгартирди

"Барселона" ҳозирги ҳомийси "Rakuten" билан ҳамкорликни бекор қилди. Келгуси мавсумдан бошлаб клуб футболкаларида янги ҳомий - "Spotify" мусиқий платформаси ёзуви пайдо бўлади. Бу ҳақда RАC1 нашри хабар бермоқда.

Томонлар ўртасидаги шартнома уч йилга тузилади. "Spotify" "Барса"га 280 миллион евро тўлайди. Компания клубнинг нафақат титул ҳомийи, балки "Камп Ноу" стадионига ном бериш ҳуқуқини ҳам сотиб олиши мумкин. Агарда бу келишув ҳам амалга ошса, арена номи "Камп Ноу Спотифй" деб ўзгартирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made