Криминал авторитет “Ёввойи Арман” 24 кишини ўғирлашда айбланмоқда
Олам
−
08 Февраль 2022
11741Қозоғистонда тартибсизликлар бўлган кунларда криминал авторитет Арман Жумагелдиев (“Ёввойи Арман” номи билан машҳур) тўдасининг қуролланган аъзолари 24 кишини ўғирлаб кетишган ва ҳибсга олган, улардан бири ҳалок бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон прокуратурасининг махсус прокурорлар хизмати бошлиғи Ризабек Ожаров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўғирлаб кетилганларни дўппослашган.
“Улар аввалроқ 12-шаҳар шифохонасида (Олма-ота шаҳрида) қаттиқ калтакланган полиция ходимидан қуролни ҳам олиб кетишган. Ушбу фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилмоқда”, дея қўшимча қилган Ожаров.
Ҳозирда Жумагелдиев икки ишда – ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш ва тартибсизликлар бўйича айбланмоқда.
“Икки иш бирлаштирилиб, бизга, махсус прокурорларга топширилди. Биз уни ўзи сақланаётган Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторига ўтказдик”, деган Ожаров.
Маълумот учун, Жумагелдиев ва унинг беш нафар шериги Олма-отада қўлга олингани ҳақида 7 январь куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилганди. Расмийлар январь ойида Туркиядан қайтган Жумагелдиевни йил бошидаги тартибсизликлар вақтида тартибсизлик ва амалдорларга ҳужум уюштирганликда гумон қилмоқда.
LiveБарчаси