“Ёввойи Арман” январь воқеаларида қатнашишда айбланиб, 20 йилга қамалди

Олам

image

“Ёввойи Арман” номи билан танилган Арман Жумагелдиев 2022 йил январь ойида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар содир этганликда айбланиб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Sputnik Қазақстан” хабар берди.

Қайд этилишича, у оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ва уюштириш, одам ўғирлаш ва ноқонуний қамоққа олишда айбдор деб топилган.

“Содир этилган жиноятлар йиғиндисидан келиб чиқиб, жазони қисман қўшиб, якунда Жумагелдиев Арманга 20 йил қамоқ жазоси тайинлансин”, дейилади ҳукмда.

Шунингдек, Арманга 10 йил давомида ижтимоий-сиёсий ва журналистик фаолият билан шуғулланиш тақиқланган. Қайд этилишича, у билан биргаликда 43 киши ҳам жиноятда айбдор сифатида қамоққа олинган.  

Хусусан, суд Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-бўлими собиқ бошлиғи Руслан Исқоқовни уюшган жиноий гуруҳ тузиш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, ноқонуний озодликдан маҳрум этишда айбдор деб топиб, 15 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган. Олмаота собиқ депутати Ғайрат Худойберган оммавий тартибсизликлар уюштирганликда ва ноқонуний қамаганликда айбдор деб топилиб, 8 йил қамоққа ҳукм қилинган.

“Ёввойи Арман” тўдаси таркибига кирмаган бошқа тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан Жиноят кодексининг 125- (ўғирлаш), 126- (ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш), 200-(автомобилни қонунга хилоф равишда тортиб олиш), 272-(оммавий тартибсизликлар) моддалари билан суд қилинган.

Уларга нисбатан амнистия тўғрисидаги қонун қўлланилган. Унга кўра, январь воқеаларида оғир жиноят содир этган иштирокчилар учун жазони тўртдан уч қисмга қисқартириш одат тусига кирган. Амнистияни инобатга олган ҳолда тартибсизликлар иштирокчилари ўртача тартибли колонияларда 1 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Маълум қилинишича, 2022 йилдан буён айбланувчиларга нисбатан турли чекловлар, жумладан, ҳибсга олиш қўлланилганлиги сабабли, бугунги кунда “қисқа” жазо олганлар ўталган муддати туфайли жазодан озод қилинмоқда.

Маълумот учун, 2022 йил 2 январь куни Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бошланган ва тезда бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Ижтимоий ва сиёсий масалалар ҳам биринчи ўринга чиққан. 5 январга ўтар кечаси тинч намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди, Олмаотада ҳокимлик бинолари, Президент қароргоҳи ва бошқа ҳукумат бинолари ёқиб юборилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва 6 январь куни КХШТ қўшинлари Қозоғистонга кирди.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида 238 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимларидир. Олти киши қийноқлардан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек)нинг уюшган жиноий гуруҳига ҳомийлик қилиш ва кўплаб қизларни зўрлашда гумонланган шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ёввойи Арман Арман Жумагелдиев январь воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг