Остонада деразадан доллар “ёғди”: йирик амалдорлар қўлга олинди (видео)
World
−
12:50 1008 2 minutes
Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги “Atlant-6” турар жой мажмуаси яқинида доллар купюралари солинган чамадонлар топилди. Шу билан бир вақтда Қозоғистон ОАВлари мамлакатнинг икки йирик давлат тузилмаси – “Қазақстан темир жолы” миллий компанияси ва “Самрук-Қазына” жамғармаси раҳбарлари қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.
“Centralmedia24” нашрининг ёзишича, пуллар Қозоғистон пойтахтининг Есил туманидаги Қунаев кўчасида жойлашган турар жой мажмуаси ёнидан топилган. Нашр маълумотларига кўра, воқеа жойига полиция ходимлари етиб борган.
Ижтимоий тармоқларда пул солинган чамадон бино деразасидан улоқтирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳозирча бу расман тасдиқланмади.
Содир бўлган воқеа фонида “Centralmedia24” аноним манбаларга таяниб, “Қазақстан темир жолы” бошқаруви раиси Елжас Отиншиев ва “Самрук-Қазына” миллий фаровонлик жамғармаси раҳбари Нурлан Жакупов қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Отиншиев Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан пойтахтдаги “Танжир” лаунж-барида қўлга олинган.
Журналистлар манбаларининг айтишича, ҳар икки раҳбар жуда кўп миқдорда пора олишга уринишда гумонланмоқда. Хабар қилинишича, улар битта жиноят иши доирасида жалб қилинган бўлиши мумкин.
Қўлга олишлар ва топилган пулларнинг терговга алоқадорлиги ҳақида ҳозирча расмий тасдиқ мавжуд эмас.
“Самрук-Қазына” жамғармаси матбуот хизмати “Tengrinews.kz” сўровига жавобан Нурлан Жакуповнинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган ҳам, инкор ҳам этмаган. У ердагилар ваколатли органлардан расмий маълумот олингунга қадар изоҳ беришдан тийилишларини билдирган.
Елжас Отиншиев Қозоғистон миллий темир йўл компаниясига 2026 йил июль ойида раҳбар этиб тайинланган. Бунгача у “Самрук-Қазына” гуруҳида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Нурлан Жакупов “Самрук-Қазына” жамғармасига 2023 йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Жамғарма Қозоғистоннинг йирик давлат активларини, жумладан, нефть-газ, транспорт, энергетика ва телекоммуникация тармоқлари корхоналарини бошқаради.
Долларларнинг топилиш тафсилотлари, уларнинг миқдори ва кимга тегишли эканлиги аниқланмоқда. Материал эълон қилинган вақтда МХҚ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эҳтимолий қўлга олишлар юзасидан расмий изоҳлари мавжуд эмас.
Live
All