Истанбулда ўзбекистонлик аёлларни алдаб ишлатганлар қўлга олинди
Олам
−
1870 3 дақиқа
Туркиянинг Истанбул шаҳрида сохта консалтинг компанияси орқали иш ваъда қилинган 14 нафар Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароси бўлган аёлнинг паспортлари олиб қўйилиб, улар мажбуран ишлатилгани айтилмоқда. Мазкур иш бўйича саккиз нафар гумонланувчига, жумладан, бир нафар адвокатга нисбатан 168 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралди. Бу ҳақда “Mega Haber” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, тергов Истанбул полициясининг Мигрантлар контрабандасига қарши курашиш бўлими ҳамда Президент ҳузуридаги Алоқа марказига (CİMER) келиб тушган мурожаатлардан сўнг бошланган.
Тергов давомида гумонланувчилар TikTok ижтимоий тармоғидаги жонли эфирлар орқали хорижлик аёлларга иш таклиф қилаётгандек кўриниш бергани аниқланган. Улар “Rekdan Danışmanlık Organizasyon Tekstil Temizlik İthalat İhracat Ticaret Limited Şirketi” номи остида сохта компания ташкил этиб, иш излаётган аёлларни белгиланган телефон рақами орқали боғланишга чақирган.
Тергов маълумотларига кўра, компания расман Тюркер Южел Айгўрен номида бўлган, бироқ қидирувда бўлган Меҳмет Мелиҳ Ипекчи унинг фаолиятини амалда бошқарган.
Гумонланувчилардан Оғулжахон Розиева TikTok’да жонли эфирлар ўтказиб, аёлларни ишга таклиф қилган. Гўлнар Бодуроғлу эса компанияга келган аёлларни кутиб олган, уларга шартномалар имзолатган, паспортларини олиб қўйган ва мижозлар билан алоқани таъминлаган.
Ҳидир Доғру мижозлардан тушган пулларни ўз банк ҳисобига қабул қилиб, кейинчалик Меҳмет Мелиҳ Ипекчига ўтказган. Бора Чокгечим ва Аҳмет Дениз эса аёлларни мижозларнинг уйларига олиб бориш билан шуғулланган.
Иш материалларида гумонланувчилар орасидаги адвокат Юсуф Бекдаш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам келтирилган. У компания билан вакиллик муносабатида бўлган ва жабрланувчи аёлларни “Сизларни полицияга топширамиз”, деб қўрқитиб, ишлашга мажбурлагани айтилмоқда.
Шунингдек, полиция амалиёти вақтида адвокат хонадон эшигини ушлаб, ходимларнинг киришига тўсқинлик қилгани қайд этилган. Шу пайтда икки қаватли хонадонда сақлаб турилган аёллар том ва балкон орқали қўшни хонадонга ўтиб, қочишга уринган.
Тинтув давомида кўплаб рақамли қурилмалар, мижозлар ҳақидаги қайдлар ҳамда “паспорт хўжайинда”, “паспорт топширилди” каби ёзувлар битилган дафтарлар топилган.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аёлларни иқтисодий жиҳатдан ҳам эксплуатация қилган. Улар мижозлардан тозалаш ва энагачилик хизматлари учун катта миқдорда пул олган, бироқ аёлларга келишилган иш ҳақининг ҳатто ярмини ҳам бермаган.
Бундан ташқари, гумонланувчилар “комиссия” баҳонасида аёллар даромадининг 30–50 фоизини ушлаб қолган. Натижада улар энг кам иш ҳақидан ҳам кам пул эвазига ишлашга мажбур бўлган.
Жабрланувчилар кўрсатмаларида Туркияда қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномаларига эга бўлмаганини, паспортлари олиб қўйилганини ҳамда мамлакатдан чиқариб юбориш билан қўрқитилганини билдирган. Уларнинг айтишича, айнан шу босимлар сабабли ишлашда давом этишга мажбур бўлишган.
Бакиркўй Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасида саккиз нафар гумонланувчининг ҳар бирига одам савдоси жинояти бўйича 112 йилдан 168 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралган. Қидирувдаги Меҳмет Мелиҳ Ипекчи устидан қидирув эълон қилиш, шунингдек, “Rekdan Danışmanlık” компанияси фаолиятини тўхтатиш ҳам талаб қилинган.
Бакиркўй Оғир жиноятлар бўйича суди айблов хулосасини қабул қилган. 14 нафар аёл жабрланган деб кўрсатилган мазкур иш бўйича суд жараёни бошланиши кутилмоқда.
Live
Барчаси