Олмаотадаги фожиада ҳалок бўлганларнинг жасади Ўзбекистонга қайтарилди
Ўзбекистон
−
4768 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ёнғин жорий йилнинг 26 ноябрь куни Олмаота шаҳрининг Бостандиқ туманидаги барак типидаги турар жой биносида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқаролари Т.И. ва К.Е. ҳам ҳалок бўлган.
Марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш учун мамлакатимизнинг Олмаотадаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги кўмагида зарур ҳужжатларни расмийлаштирган. Шунингдек, Бостандиқ тумани ҳокимлиги ва Полиция департаменти билан ҳамкорликда тегишли ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилган.
Бугун, 29 ноябрь куни марҳумларнинг жасадлари Олмаота аэропортидан Нукус шаҳрига жўнатилган.
Бундан ташқари, ёнғин вақтида бинодан чиқишга муваффақ бўлган яна икки нафар Ўзбекистон фуқаросига ҳам консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг паспортлари ёнғинда ёниб кетгани сабабли, Бош консулхона томонидан ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган. Миграция агентлиги кўмагида авиачипталар харид қилиниб, улар ҳам Ўзбекистонга қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда қурилаётган бинода юз берган ёнғинда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлган, яна бир киши оғир жароҳат олиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган эди. Уларнинг уччаласи ҳам қурилиш объектида ишлаган.
Live
Барчаси