Олмаотадаги ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди (видео)

3-саҳифа

−

visibility1966 timer2 дақиқа

image

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хусусий турар жой биносида юз берган ёнғинда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Олов жами беш кишининг, жумладан, бир нафар боланинг ҳаётига зомин бўлди. Қурбонлар орасида икки ўзбекистонлик эркак ҳам бор. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга омон қолганлардан бири Анор Турғунбоева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, улар уйга ёнғиндан бир неча кун олдин кўчиб борган. Ёнғин кеча, 26 ноябрь куни тунда шаҳарнинг Бўстонлиқ туманида содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги хабар соат 3:44 да келиб тушган. Илк ўт ўчирувчилар тўрт дақиқадан сўнг етиб борган, бироқ ўша вақтга келиб уйни олов бутунлай қамраб олиб бўлган. Олов соат 4:42 да бартараф этилган. Уни ўчиришда Фавқулодда вазиятлар департаментининг 35 нафарга яқин ходими ва тўққизта техника иштирок этган.

Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан уйдаги хоналардан бирини ижарага олиб яшаган Турғунбоева тонгги соат тўртлар атрофида уйғониб, дераза ортида олов ёғдусини кўрганини айтган. Умумий йўлак аллақачон тутунга тўлиб бўлгани сабабли оила дераза орқали қўшни ҳовлига чиқишга мажбур бўлган. 

Аёлнинг сўзларига кўра, уйда умумий йўлакка чиқадиган бир нечта хона бўлган. Айрим ётоқхоналарда дераза бўлмаган. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистоннинг икки фуқаросидан ташқари унинг қўшниси, бу аёлнинг вояга етган қизи ва бир қизалоқ ҳам бўлган.

Ёнғиндан сўнг тўққиз нафар турғун меҳмонхонага жойлаштирилган, уларга ҳужжатларини тиклашда ёрдам кўрсатилмоқда.

Ёнғин факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ёнғин сабаблари ва воқеа тафсилотларини аниқламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда қурилаётган бинода юз берган ёнғинда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлган, яна бир киши оғир жароҳат олиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган эди. Уларнинг уччаласи ҳам қурилиш объектида ишлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг