Ироқдаги савдо марказида ёнғин чиқди. Қурбон бор (видео)

Олам

−

visibility896 timer2 дақиқа

image

Кеча, 25 ноябрь куни Ироқ пойтахти Бағдоднинг шимолидаги Козимия ҳудудида жойлашган “Jawharat Baghdad” савдо марказида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Бино ичида қолиб кетган 40 нафар фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда Ироқ Фуқаро мудофааси бошқармасига таяниб, “Shafaq News” хабар берди.

Қайд этилишича, уч нафар оғир аҳволдаги жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётганида улардан бири йўлда вафот этган. Оловни ўчириш ишларига 15 та ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган.

Ёнғин савдо марказининг иккинчи ва учинчи қаватларида содир бўлган. Иккинчи қаватда ресторан, учинчи қаватда эса кийим-кечак дўконлари жойлашган. Қутқарувчилар ёнғинни тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлган.

Қайд этилишича, ёнғин сабабларини аниқлаш учун расмий текширув бошланган. Ҳодиса жойига суд-криминалистика эксперти жалб қилиниб, техник кўрик ва зарур намуналарни олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фуқаро мудофааси бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Нуас Сабоҳнинг айтишича, савдо маркази 2025 йилдан буён хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли суд органларига оширилган. Бино қурилишида тез ёнувчан сендвич-панеллар ва девор қопламаларидан фойдаланилган, шунингдек, ёнғиндан огоҳлантириш ва ўчириш тизимлари тегишли даражада сақланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқ жанубидаги Басра вилоятида жойлашган электр станциясида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг