Мисрда ёнилғи цистернаси ағдарилиб, автомобиллар ёниб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор (видео)
Олам
−
2159 2 дақиқа
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрини айланиб ўтувчи автомобиль йўлида ёнилғи ташувчи цистерна ағдарилиб, йирик ёнғин юзага келди. Ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, яна 21 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 25 ноябрь куни Қоҳира таркибига кирувчи Гиза шаҳрининг аҳоли зич яшайдиган Варрак маҳалласида содир бўлган. Давлат ОАВ хабарларига кўра, ёнилғи ташувчи юк машинаси ағдарилганидан кейин ёнғин бошланган. Аланга тезда атрофдаги автомобилларга ҳам тарқалган. Оқибатда 20 дан ортиқ автомобиль ва мотоцикл ёниб кетган.
.png)
Воқеа жойига қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар етиб келган. Улар ёнаётган машиналар ичидан одамларни олиб чиқишга ва ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган. Ҳодиса жойига юзлаб одамлар йиғилган.
.png)
Авария гувоҳи Аҳмад Самирнинг айтишича, у йўл ёпилгани сабабли тирбандликда қолиб кетган ва ёнилғи ташувчи цистерна ҳамда кўплаб автомобиллар ёнаётганини кўрган. Унинг сўзларига кўра, камида саккиз кишининг жасади ёниб кетган машиналардан олиб чиқилган.
“Ёнғин жуда катта эди. Машиналар олов сабабли бир-бирига ёпишиб қолганди. Бу даҳшатли манзара эди”, деган у.
.png)
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Бош прокуратура идораси марҳумларнинг шахсини аниқлаш учун ДНК текширувлари бошланганини маълум қилган.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Холид Абдул Ғаффорнинг билдиришича, жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга олиб борилган. У қурбонлар сони дастлабки эканини ва яна ошиши мумкинлигини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятида йўловчи автобуси суюлтирилган газ (LPG) ташиётган юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетган эди. Ҳодиса оқибатида 10 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлиб, 27 киши жароҳатланган.
Live
Барчаси