Автобус газ ташувчи юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
09:20 3380 2 дақиқа
Покистоннинг жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятида йўловчи автобуси суюлтирилган газ (LPG) ташиётган юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида 10 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди, 27 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Arab News” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 19 ноябрь куни Карачи ва Гвадар шаҳарларини боғлайдиган N-10 соҳил автомобиль йўлида юз берган. Турбат шаҳридан Карачига кетаётган йўловчи автобуси Ормара шаҳридан қарийб 60 километр узоқликдаги Тажи Кор ҳудудида газ ташувчи юк машинаси билан тўқнашган.
.png)
Соҳил автомобиль йўли полицияси бошлиғи Аслам Бангулзайнинг маълум қилишича, дастлаб авария оқибатида етти киши ҳалок бўлгани аниқланган. Уларнинг беш нафари автобус йўловчилари, икки нафари эса газ ташувчи юк машинаси ҳайдовчилари бўлган. Кейинчалик қутқарувчилар автобус қолдиқлари орасидан яна уч кишининг жасадини топган. Ҳалок бўлганлар орасида уч нафар бола ҳам бор.
Полиция аварияга автобус ҳайдовчисининг юқори тезликда бошқа транспорт воситасини қувиб ўтишга урингани сабаб бўлганини билдирган. Тўқнашувдан сўнг иккала транспорт воситасида ҳам ёнғин чиққан. Автобус бутунлай ёниб кетган.
.png)
Ҳодиса оқибатида жароҳатланган 27 киши, жумладан, аёллар ва болалар Ормара шаҳридаги Покистон ҳарбий-денгиз кучлари шифохонасига олиб борилган. Уларнинг соғлиғи ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Бангулзайнинг айтишича, қутқарувчилар ёниб кетган автобус вайроналарини текширишда давом этмоқда. Шу сабабли ҳалок бўлганлар сони яна ортиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда Амритсар–Нью-Жалпайгури йўналишида ҳаракатланаётган поездда ёнғин чиқиши оқибатида 1500 нафарга яқин йўловчи эвакуация қилинган эди. Ҳодиса оқибатида 16 нафар йўловчи шифохонага мурожаат қилган, улардан саккиз нафари енгил куйиш жароҳатини олган.
Live
Барчаси