Криминал авторитет “Коля Қирғиз”га алоқадор шахс қўлга олинди
Олам
−
27 Январь
6444Қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек) нинг уюшган жиноий гуруҳига ҳомийлик қилган ва кўплаб қизларни зўрлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Аниқланишича, фуқаро К.Н. 2013 йилдан буён Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи вакиллари билан алоқада бўлиб, “ўғрилар умумий фонди”ни тизимли равишда тўлдириш ва жиноят оламида “Доо” лақабли Чингиз Жумагулов билан шахсий муносабатларни сақлаб туриш орқали унинг фаолиятини молиялаштириб келган.
“К.Н. уюшган жиноий гуруҳ раҳбарларининг кўмагида фуқароларга ҳар томонлама босим ўтказган, жумладан, ўзи зўрлаган ва шантаж қилган қизларга нисбатан турли босим ўтказган. Зўрлаш ва уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш фактлари жабрланувчиларнинг сўзлари билан тасдиқланди”, дейилади хабарда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қўшимча қилишича, тезкор маълумотларни ҳужжатлаштириш ва ушбу жиноятларга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида тергов ва тезкор-қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Қамчибек Асанбек Қирғизистон ва МДҲдаги энг нуфузли “ворзакон”лардан бири бўлган. Тахаллуси – “Коля Қирғиз”. У наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, пул ювиш, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди.
2020 йилдан бери Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси криминал авторитетни бир неча бор ҳибсга олган. 2023 йилнинг августида Қамчибек Кўлбоевга нисбатан жиноят иши даъво муддати ўтгани сабабли тугатилган. Криминал авторитет Қамчибек Асанбек Қозоғистонда трансмиллий жиноий ташкилот тузишда гумон қилинган. У 2023 йилнинг октябрь ойида Бишкекда ўлдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Ўш вилоятида ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатишда гумонланиб, 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.
LiveБарчаси