Путин Порошенкони “қаноти остига” олмоқчи бўлганини айтди
Олам
−
08 Февраль 2022
9330Россия Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенкога унинг президентлик даврида агар унда қандайдир қийинчиликлар туғилса, сиёсий бошпана таклиф қилмоқчи бўлган. Россия ҳозир ҳам бунга тайёр. Бу ҳақда Президент Владимир Путин маълум қилди.
“Ўз вақтида, жаноб Порошенко ҳали Украина Президенти бўлганида, мен унга келажакда қандайдир қийинчиликларга дуч келса, Россия унга сиёсий бошпана беришга тайёрлигини айтгандим”, деган Путин Россия-Франция музокаралари якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Порошенко ўшанда “бу масалага жуда истеҳзоли тарзда қараган”.
“Аммо бугун мен Донбассни тартибга солиш масаласида жиддий келишмовчиликларимиз бўлишига қарамай, ўз таклифимни тасдиқламоқчиман ва ишончим комилки, (Порошенко — таҳр.) бу йўналишда кўп хатоларга йўл қўйган, аммо барибир, унинг давлат жиноятчиси сифатида жиноий жавобгарликка тортилиши, менимча, бугунги раҳбариятнинг муваффақияти учун ҳам ҳаддан ташқари талабдир. Биз жаноб Порошенко каби одамларга Россиядан бошпана беришга тайёрмиз”, деган Путин.
Эслатиб ўтамиз, Порошенко 17 январь куни Варшавадан Киевга етиб келди. Киев суди давлатга хиёнатда айбланаётган Украинанинг бешинчи Президенти Пётр Порошенкога нисбатан эҳтиёт чорасини танлади. Унга кўра, собиқ давлат раҳбари шахсий мажбурият билан озодликда қоладиган бўлди.
Украинанинг собиқ раҳбари 2014-2015 йилларда Донбассга кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади. Иш Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”, “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича қўзғатилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15