Суд давлатга хиёнатда айбланаётган Порошенко иши бўйича қарор чиқарди
Олам
−
19 Январь 2022
13116Киев суди давлатга хиёнатда айбланаётган Украинанинг бешинчи Президенти Пётр Порошенкога нисбатан эҳтиёт чорасини танлади. Собиқ давлат раҳбари шахсий мажбурият билан озодликда қоладиган бўлди. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.
Маълумот учун, Порошенко иши бўйича биринчи учрашув жорий йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган, бироқ қарор қабул қилиш 19 январга қолдирилганди. Ўша куни учрашув 10 соатдан ортиқ давом этган. “Украина 24” ва “Гордон” телеканаллари судья Алексей Соколовнинг суд мажлисида касал бўлиб қолгани ҳақида хабар берди, аммо судда бу маълумот рад этилган. Порошенконинг ўзи эса учрашув Украина расмийлари “қўрқиб кетгани” учун қолдирилганини айтган.
Давлат тергов бюроси Президентни икки ойга ҳибсга олишни талаб қилган. Порошенкога нисбатан Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”, “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган. Аммо сиёсатчи айбловларга қўшилмаслигини айтиб, ўзининг таъқибини сиёсий деб атаган.
Тергов маълумотларига кўра, давлат раҳбари сифатида Порошенко Россия ҳамда ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикалари расмийлари билан тил бириктириб, Донбассдан Украинага кўмир экспорт қилиш схемасини ташкил қилган. Терговчиларнинг таъкидлашича, Украинага жами 1,5 миллиард гривен (4 миллиард рубль) миқдорида кўмир ташилган.
Собиқ Президент билан бирга “кўмир” ишида Виктор Медведчук, Украинанинг “Ҳаёт учун мухолифат платформаси” партияси сиёсий кенгаши раҳбари, тадбиркор Сергей Кузяра ва собиқ Энергетика вазири Владимир Демчишин ҳам айбланмоқда.
LiveБарчаси