“Батька” авжига чиқди. Лукашенко Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилишини айтди
Олам
−
08 Февраль 2022
30210Жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда юз берган тартибсизликлардан кейин бу ҳолатдан аввало Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини айтган Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Марказий Осиё давлатлари ҳақида турли провокацион чиқишларини тўхтатмаяпти.
Бу сафар Лукашенко Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон 15 йилдан кейин Россия ва Беларусьнинг 23 йилдан бери такомилига етмаётган иттифоқ давлатига кириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Лукашенко россиялик журналист Владимир Соловёвга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Россия ва Беларусь иттифоқининг келажаги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Лукашенко собиқ СССРнинг айрим мамлакатлари яқин йилларда ушбу уюшмага қўшилиши ҳақида оғиз очган.
“Биласизми, Беларусь аллақачон бор. Менимча, Қозоғистон учун яхши сабоқ бўлди (мамлакатдаги январь норозиликлари назарда тутилмоқда – таҳр.). Агар 15 йиллик давр десангиз, бирор хатога йўл қўймасак, Украина ҳам бўлади”, деган у.
Лукашенконинг сўзларига кўра, бу уч давлатнинг бирлашиши жараёнида собиқ Иттифоқ периметри бўйлаб бошқа давлатлар ҳам қўшилар эмиш.
“Арманистоннинг борадиган жойи йўқ. Нима деб ўйлайсиз, улар кимгадир керакми?!. Улар буни аллақачон кўрган. Озарбайжон бу когортадан чиқиб кетган, чунки биз кўп хатоларга йўл қўйганмиз ва, албатта, у ерда Туркия жуда жиддий қўллаб-қувватланмоқда. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон эса, ўзларининг зарурияти туфайли, биринчи навбатда, иқтисодий жиҳатдан қўшилади, деб ўйлайман”, деган “Батька”.
Лукашенкога кўра, Иттифоқ давлатининг аъзолари суверен бўлиб қолади.
“Бу – мустақил давлатлар иттифоқи бўлади. Йўқ, мустақил эмас, суверен давлатлар. Мустақиллик – нисбий тушунча. Ҳамма газ ва нефть Россиядан келиб турган бўлса, мен қандай қилиб мустақил бўлишим мумкин?” дейди Лукашенко ва иттифоқ аъзолари ўз давлат рамзлари ҳамда раҳбариятини сақлаб қолишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Россия ва Беларусь 1997 йилда интеграциялашув ҳаракатини бошлади. 1999 йилда Иттифоқчи давлат тузишга келишиб олинди. Аммо ўтган 20 йилдан ортиқ вақт давомида бу борада катта ўсиш бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, Лукашенко Қозоғистонда январь бошида юз берган ҳодисалардан қўшни Ўзбекистон ҳам ўзига етарлича сабоқ чиқариб олиши кераклиги ҳақида фикр билдирган эди.
Унинг сўзларига жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳар қандай ташқи таҳдидларга қарши муносиб жавоб қайтара олишини маълум қилганди.
LiveБарчаси