Ҳокимлар ҳудудларнинг беги эмас, халқнинг ёлланма ишчиси — Русланбек Давлетов
Жамият
−
08 Февраль 2022
12254Ўзбекистондаги ҳокимлар ва соҳа раҳбарлари ўз ҳудуди ҳамда соҳасининг беги эмас, балки халқнинг ёлланма хизматчиси. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов кеча, 7 февраль куни жамоатчилик вакиллари учун ўтказилган Матбуот анжуманида маълум қилди.
Анжуманда вазир ҳамма ҳокимлик қарорлари “e-qaror” тизимида шаффоф чиқишни бошлаши ортидан резонанслар ҳам кузатилаётганини алоҳида урғулади.
“Ҳамма ҳокимият қарорлари “e-qaror” тизимида шаффоф чиқишни бошлади. Бюджетдан қанча пул ажратилётгани очиқ айтиляпти. Бизга ҳам мониторинг назорат қилиш осон бўлди. Чунки олдин бориб, кўриб, текширар эдик. Ҳозир ҳаммасини кўриб турамиз, чунки биз, адлия тизими, “back” офисда ўтирамиз. Негаки васият ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ бўлган ёпиқ ҳужжатлар ҳам бўлади. Ўша пайтда маҳаллий бюджет пулини сарфлашни ҳам ёпишга ҳаракат қилинган ҳолатлар бор. Кўрсаткиси келмайди. “Битта ҳайкалга шунча пулми”, деб жамоатчилик дарров кўтаради. Тўппа-тўғри, кўтариш керак. Балки шу орқали қайси томонг пул кетқазиш бўйича қадриятларимизни тўғри йўлга қўйиб олармиз”, дейди вазир Давлетов.
У сўзида давом этиб, ҳокимлар қарори эълон қилинадиган “e-qaror” кўпларга ёқмаётганини ҳам қўшимча қилди. Шунингдек, у бу тизим вазирликлар учун ҳам жорий этилишини билдирди.
“Кўп ҳокимликларга ёқмаяпти. Аммо биз қаттиқ турибмиз, бу ўринда ҳукумат раҳбари, бевосита Президент жудаям қўллаб-қувватлаяпти.
2022 йилдан вазирликларга ҳам “e-qaror” тизимини татбиқ этмоқчимиз. Вазирликлар қарорлари ҳам шундай бўлсин. Чунки вазирликлар ҳам жуда кўп пул сарфлайди, жуда кўп “ишлар”ни қилади. Ҳокимликлар 2500 та ноқонуний қарор қабул қилганини аниқладик. Аслида, бу жуда катта рақам. 90 мингта қарор қабул қилинган бўлса, идеал ҳолатда 10-20 та ноқонунийси чиқиши керак”, деди Адлия вазири.
Вазир ҳокимлар бир иш қилишдан олдин ўйлаши учун ҳамма нарса очиқ бўлиши кераклигини айтиб, яқин-яқингача фермерни мажлисга келмагани учун жаримага тортиш ҳолатлари бўлганини қўшимча қилди.
“Ҳали кўп ишлашимиз керак. Чунки 2-3 йил олдин фермер селекторга келмаса, жарима деган қарорларимиз ҳам бўлган. Ёки бўлмаса, никоҳ ёши 18 ёш қилиб белгиланган. Ҳоким васий сифатида уни бир ёшга камайтириши мумкин. Лекин 2 ёшгача, 16 ёшда, рухсат бериб юборган ҳолатлари бор. Қонунда 18 ёш этиб белгиланган бўлса, жамиятимизга тўғри келмайди. Шунинг учун қарорлар, ҳамма нарса очиқ бўлганидан кейин, эртага ўйланиб, бу ишни қилмайдиган бўлади, яхши эффект беради”, дейди ҳукумат вакили.
Давлетов маъмурий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда ҳокимлар 8 соатлик иш вақтини танқид қилишини, аммо бу Конституция ва меҳнат қонунчилигида ёзиб қўйилганини урғулади. Вазир ҳокимларнинг қадриятлари қай даражада эканига эътибор қаратиб, шундай деди:
“Кўплари маъмурий ислоҳотлар бўйича таклиф сўраганда бизни танқид қиляпти. Айрим ҳокимлар “бу адлия тизимидагилар фақат 8 соат ишлайди, бошқа иш қилмайди”, дейди. Ўзи қонун бўйича 8 соат ишлаш керак-ку. Баъзи раҳбарларнинг қадриятлари қандайлигини кўряпсизларми?! Конституцияда ёзилган меҳнат ҳуқуқи бўлса, Меҳнат кодексида ёзилган нормалар бўлса, 8 соат ишлашни мажлисларда танқид сифатида гапириш қанақа қолоқлик?
Шунинг учун биз доим айтамиз, ҳудудлардаги ёки соҳа раҳбарлари ўзини шу ҳудуд ёки соҳа беги эмас, балки халқнинг ёлланма ишчиси эканини тан олса, қадамлари умуман ўзгаради. У ёлланма ишчи, биз ҳам ёлланма ишчимиз. Қонун турибди ва қонундан ҳеч ким устун бўлолмайди. Бу қадриятларни биз сингдиришимиз керак”, дейди вазир Русланбек Давлетов.
Шу ўринда қайд этиш керакки, “e-qaror” платформаси орқали ҳокимликларнинг кўплаб мунозарали қарорлари сув юзига қалқиб чиқди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига совға қилинган ва асл эгаси турли тахминлар билдирилган 250 минг долларлик Mercedes-Benz автомобили мисол бўлади.
Бундан ташқари, ҳудудларда содир бўлган ва жамоатчиликка эълон қилинмаган қатор ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам “e-qaror” орқали оммага маълум бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь