Султонов, Ўтаев, Икромов, Қўқонов, Раҳмонова... Бугуннинг қаҳрамони ким?
Жамият
−
10 Июль 2019
7302Бугун, 10 июль куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг долзарб хабарларининг эътиборингизга ҳавола этамиз.
Жамият
Мирзиёев аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш бўйича қарор қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 июль куни “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Тошкент шаҳар ИИББ 5 ёшли бола иштирокидаги ЙТҲ бўйича маълумот берди
Кеча, 9 июль куни ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи болани уриб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳрининг Сергели туманида юз бергани, боланинг ота-онаси ёнида бўлмагани айтилганди.
ЙТҲ кеча, 9 июль куни соат 19:20 да Сергели тумани Мирзо Турсунзода кўчасида юз берган. Ҳайдовчи 26 ёшли Баҳром Х. Matiz автомобилида йўлдан ўтаётган беш ёшли Р.С.ни уриб юборган.
Тошкент вилоятида йирик ер кўчкиси юз берди
Жорий йилнинг 8 июль куни тахминан соат 15:30 да Ангрен кўмир конининг шимолий қисмида чамаси 20 миллион метр куб бўлган ер кўчкиси содир бўлди.
Табиий офатнинг вужудга келишида асосий омил бу жорий йилнинг апрель-май ойларида ёмғирнинг ёғиши (кўп йиллик меъёрдан ортиқ), ер ости сувлари даражасининг сезиларли даражада кўпайиши бўлиб, бу гидродинамик босимининг ошишига олиб келди. Натижада, қум тош тупроқларни ер ости оқимлари билан ювилиб йер қамламида бўшлиқларни ҳосил қилди. Бу эса ўз навбатида Ангрен кўмир конининг шимолидаги ён томонининг заифлашишига олиб келди.
Алишер Икромов 25 йил деганда лавозимдан четлатилди
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг масъул котиби Алишер Икромов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. Алишер Икромов ушбу лавозимда 25 йилдан буён фаолият юритиб келаётган эди. Унинг нима сабабдан лавозимини тарк этгани ҳозирча маълум эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бундан бир неча кун аввал Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, хусусан Самарқанд ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида халқаро ОАВда хабарлар тарқалди. Бунга шаҳарда, жумладан Регистон ансамбли атрофида амалга оширилган қурилиш ишлари сабаб сифатида кўрсатилди.
Ўтаев Ортиқхўжаев ва ИИББнинг устидан прокуратурага хат киритди
“Керак бўлса, ОАВ орқали узр сўраши керак!” – Бу Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан жавоби эди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар прокуратурасига жорий йилнинг 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси икки ходими Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига олиб кириб кетилгани, айби исботланмай туриб, ҳокимнинг норасмий топшириғига биноан ИИБ камерасида ушлаб турилгани юзасидан мурожаат йўллади. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Қўйлиқ” яқинида фалокатнинг олди олинди
Кеча, 9 июль куни соат 21:40 атрофида “Қўйлиқ” деҳқон бозори ёнидаги кўприк устидан ўзини ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлган аёлни кўриб бефарқ бўлмаган аҳолининг саъй-ҳаракатлари натижасида ИИБ ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ўз вақтида етиб келган. Ёрдамга ошиққан айрим фуқароларнинг тўхтаб туришга мажбур қилган қалтис вазиятда Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг тезкор ва ишончли ҳаракати аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Сурайё Раҳмонова Бош прокуратурани “ёпиб” кетди...ми?
Сурайё Раҳмонованинг прокуратурадан кетгани биринчи кунларданоқ сезилди. Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 5 июль куни Бош прокуратура Матбуот хизматига янги раҳбар тайинланди. Фарғона вилояти прокурорининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келган Ҳаёт Шамсуддинов Бош прокуратурада фаолиятини бошлаганига бугун 5 кун тўлди. Бу орада QALAMPIR.UZ Шамсуддинов билан алоқа ўрнатиш, мунтазам мулоқотда бўлиш, Раҳмоновадан қолган анъанани давом эттириш мақсадида Бош прокуратурага қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган ходим барча ОАВ ходимларининг телефон рақамлари ва маълумотлари тўпланаётгани, кейинроқ, Telegram мессенжери орқали Ҳаёт Шамсуддинов билан мулоқот ўрнитиш мумкин бўлишини маълум қилди. Бироқ...
Тошкент ҳокимлигидан кутилмаган ғамхўрлик
Пойтахт Тошкентда нарх-наво кун сайин ошиб бормоқда. Супермаркетлар қаторида бозорларда ҳам нарх наво кўтарилганини гувоҳ бўляпмиз. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилгани маълум қилди. Мазкур корхона учун деҳқон бозорларининг аҳоли гавжум ва харидорлар учун қулай бўлган жойларидан 40 та савдо нуқтаси ажратилган. Қайд этилишича, арзонлаштирилган маҳсулотлар аҳолига нақд пулга ҳамда пластик карточкалар орқали сотилмоқда.
Олий суд Самандар Қўқоновни оқламади
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида энг узоқ муддат қамоқда ўтирган собиқ депутат Самандар Қўқонов Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач, озодликка чиқиб, оиласи бағрига қайтган эди.
1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Қўқонов жорий йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий судига оқлашни сўраб кассация тартибида мурожаат қилган. Ўтган вақт мобайнида унинг мурожаати кўриб чиқилиб, оқлов қондирилмаган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати ходими Азиз Абидов маълум қилди.
Косонсойдаги 8 асрлик чинор нега кесилди?
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Косонсой туманида 800 йиллик чинор дарахти кесилаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси муносабат билдирди. Қайд этилишича, мурожаат ва эътирозлар атрофлича ўрганилган.
“Ўрганиш натижаларига мувофиқ Наманган вилояти Косонсой туманидаги маданият ва истироҳат боғи марказида кўп йиллик бир туп чинор дарахти мавжуд бўлиб, мазкур чинорнинг ён шохи табиий омиллар таъсирида тўлиқ қуриб қолганлиги ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиш эҳтимоли мавжудлиги сабабли, шунингдек, соғлом қисмига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан фақат қуриган шохи кесилган”, дейилади қўмита баёнотида
Султонов газ ва электр энергияси нархи қанчага ошишини айтди
Айни кунларда Ўзбекистонда энергия ресурслари нархи оширилиши билан боғлиқ масала долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов журналистлар билан учрашиб, нарх-навонинг оширилиши билан боғлиқ саволларга аниқлик киритди.
Самарқандда нималар бўляпти?
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни кечмоқда. Бу йил Давлат тест маркази томонидан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнига кўпгина ўзгартиришлар киритилган.
Шу сабабдан айрим ОТМларга ҳужжат топшириш жараёнида абитуриентларнинг узундан-узун навбатлари юзага келган. Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига ДТМнинг ҳужжат қабул қилишдаги онлайн тизимида келиб чиққан носозликлар сабаб бўлмоқда. Ҳудди шундай ҳолат Самарқанд давлат университетида ҳам кузатилди.
Олам
Зеленский 71 нафар раҳбарни ишдан бўшатди
Кеча, 9 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский 71 нафар давлат туман раҳбарларини лавозимидан бўшатди. Туман раҳбарларининг бирданига бўшатилишининг сабаби битта – Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенконинг ваколат муддати тугагани экани айтилган.
Меркелнинг “тутқаноғи” тутди
Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркелнинг саломатлигида муаммолар борга ўхшайди. Меркель хонимни бир ойда учинчи марта муҳим учрашувларда омма олдида титроқ босяпти.
Бугун, 10 июль куни Ангела Меркель Финляндия Бош вазири Антти Ринне билан Берлинда ўтган учрашувга юз берди.
Украинада ўзбекистонлик ёлланма жангчи ўлдирилди
Украина шарқида давом этаётган жанговор ҳаракатларда ДХР (Донецк халқ республикаси) томонда жанг қилаётган ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
Ўзбекистонлик Ҳожиакбар Истамович Шарипов 3 июль куни Ясинотава туманида ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, 32 ёшли Шарипов олдин ҳам яраланган ва 2015 йилнинг августида “ДНР/ЛНР” тиббий муассасаларига мурожаат қилган. У Украина шарқида уруш амалиëтлари бошланган 2014 йилдан буён Донецк жангариларининг “Восток” бригадасида жанг қилган. Юк ташувчи машина ва БМП ҳайдовчиси бўлган.
Спорт
“Барселона” Гризманни қутқармоқчи
Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳужумчиси Антуан Гризманн яқин вақтлар ичида “Барселона” сафига трансфер қилинади.
“Кўк-анорранглилар” 28 ёшли футболчини тезроқ ўз сафига қўшиб олишни хоҳлаяпти. Каталониянинг “Барселона” клуби Антуан Гризманнинг трансферини 12 июль кунига қадар расмийлаштиради. Трансфер нархи футболчининг “Атлетико” билан тузган шартномасида кўрсатилган товон пули – 120 млн еврони ташкил этади.
Германия термасидан қувилган футболчи Туркияда ўйнамоқчи
Лондоннинг “Арсенал” клуби ярим ҳимоячиси Месут Ўзил ўз фаолиятини Туркиянинг “Фенербахче” клубида давом эттириши мумкин.
Маълум бўлишича, турклар футболчини бир мавсумга ижарага олмоқчи. Аммо, Лондонликлар уни тўлиқ сотиб юборишни хоҳламоқда. Ўзилнинг “Арсенал” билан тузган шартномаси 2021 йилнинг ёзига қадар давом этади.
“Реал”нинг 7-рақамли футболчиси “Арсенал”га ўтади
Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Мариано Диас яқин вақтлар ичида Лондоннинг “Арсенал” клубига ўтиши мумкин.
Ўтган мавсум аввалида “Лион” клубидан Мадридга кўчиб ўтган футболчи “Реал” асосий таркибидан муқим жой эгаллай олмади. Қолаверса, “қироллик клуби” жорий трансфер вақтида жамоанинг ҳужумдаги чизиғини етарлича кучайтира оладиган футболчиларни харид қилди. Шу сабабдан Зидан янги мавсумда ҳам Диасга етарли даражадаги ўйин амалиётини вада қила олмаслиги мумкин.
LiveБарчаси