Султонов газ ва электр энергияси нархи қанчага ошишини айтди
Интервью
−
10 Июль 2019
13490Айни кунларда Ўзбекистонда энергия ресурслари нархи оширилиши билан боғлиқ масала долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов журналистлар билан учрашиб, нарх-навонинг оширилиши билан боғлиқ саволларга аниқлик киритди. Алишер Султоновнинг интервьюси "Замон" ахборот-таҳлилий дастурида намойиш этилди.
“Бу ўзгаришлар инфляция даражасида бўладиган ўзгариш. Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда ҳам таъкидландики, бу ўзгаришлар соҳадаги муаммоларни тўлиқ ҳал этмайди. 20%га ҳам бормайди. Президентимиз ҳам айтдилар, бу масалани биз доим кўриб чиқамиз, ойликни ошириш билан биргаликда ва фақат инфляция даражаси ичида бўлади. Мана, эртага рақамлар чиққанда кўрасизлар, ўзгаришлар катта бўлмайди. Биринчи навбатда аҳолини ўйлаб қарор қабул қилганмиз”, дейди вазир Алишер Султонов.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда давлат раҳбари Ўзбекистонда энергия ресурслари тарифлари оширилиши, шунга мос равишда энг кам иш ҳақини ҳам ошириш кераклигини айтганди. Вазир Алишер Султонов ўз сўзида нарх-навонинг оширилиши сабаблар ва олдинда турган лойиҳаларга ҳам тўхталди:
“Энг асосий вазифамиз – тармоқларни янгилашимиз керак. Тармоқлар эскирган. Ҳозир “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” лойиҳалари доирасида жуда катта иш кетмоқда. Юқори тармоқларни, газ тармоқларини янгилашимиз керак. Магистрал тармоқларни, компрессор станцияларини янгилашимиз керак. Булар жуда катта маблағ талаб этади. Шу йилнинг ўзида Тўрақўрғонда, Тахиатошда, Навоийда янги станциялар қўшилади. Яна янги блокларнинг қурилишини бошлаяпмиз. Энергетика барқарорлиги, хавфсизлигини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Лекин, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳали қилган ишимиз етарли эмас”.
Ўзбекистонда энергия ресурсларининг нархи ошиши билан боғлиқ хабарлар тарқалгандан кейин ижтимоий тармоқлар кўплаб фикр-мулоҳазалар билан тўлиб тошди. Улар орасида нарх-навонинг оширилишида аҳоли ижтимоий қатламларга ажратилишини таклиф қилганлар ҳам бўлди. Энг кўп таклифлар ижтимоий тариф масаласида бўлмоқда. Хўш, Ҳукумат бу борада қандай йўл тутмоқчи? Умуман олганда, ижтимоий тариф тизими йўлга қўйиладими? Бу саволга Алишер Султонов қуйидагича жавоб қайтарган:
“Ижтимоий тариф, албатта, қўлланилади. Энергия ресурслари таъминотчиларнинг орасида адолатли бўлиш керак. Аҳолининг ҳар хил қатламлари бор. Буни қачон қўллаймиз? Фақатгина электр ўлчагич асбоб-ускуналарини ўрнатганимиздан кейин.
2020 йил якунигача бутун Ўзбекистон ҳудудида ҳар бир истеъмолчига электр ҳисоблагич ускунаси ўрнатилади. Ана ўшанда ҳисоб-китоб ҳам тўғри бўлади ва ана шунда биз ижтимоий тарифни киритишимиз мумкин бўлади”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 июль куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Муҳаммад Жумагалдиев Ўзбекистонда энергия ресурслари нархи шундоқ ҳам пастлигини айтиб чиққан эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь