Сенатор Ўзбекистонда коммунал тўловлар миқдори шундоқ ҳам пастлигини айтди
Жамият
−
09 Июль 2019
5575Хабарингиз бор, айни дамда Ўзбекистонда энергия ресурсларининг нархи яна оширилиши масаласи кун тартибида турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган эди.
“Мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган”, деган эди Президент.
Энергия ресурсларининг нархи оширилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳаммад Жумагалдиев Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда муносабат билдириб, Ўзбекистонда шундоқ ҳам энергия ресурслари нархи арзонлигини қайд этди.
“Ўзбекистонда коммунал тўловлари қўшни мамлакатларникидан 2-3 баробар, бошқа чет давлатларидан эса 5-6 баробар паст. Юртимизда ҳам коммунал тўловларининг нархини босқичма-босқич ошириш мақсадга мувофиқ. Сабаби, ҳозирда аҳоли даромади ўртача 1,2-1,5 миллион сўмни ташкил этади. Фуқароларнинг ойлик даромадлари, “истеъмол саватчаси” фақат коммунал тўловлари учун мўлжалланмаслиги керак. Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда ҳам давлатимиз раҳбари айни шу жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлиги, халқни қийнамай, коммунал тўловларини секин-асталик билан босқичма-босқич кўтариш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида муҳим топшириқлар бердилар”, дейди сенатор Жумагалдиев.
Анжуманда оммавий ахборот воситаларида бу борада хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш, хусусан, коммунал тўловларини тўлашда табақалаштириш кераклиги таклифи билдирилди. Яъни кам таъминланган оилаларга табиий газ ва электр энергияси тарифларини пасайтириш, ижтимоий кўмак бериш борасида сўз юритилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь