Ўтаев Ортиқхўжаев ва ИИББнинг устидан прокуратурага хат киритди
Жамият
−
10 Июль 2019
15775“Керак бўлса, ОАВ орқали узр сўраши керак!” – Бу Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан жавоби эди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар прокуратурасига жорий йилнинг 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси икки ходими Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига олиб кириб кетилгани, айби исботланмай туриб, ҳокимнинг норасмий топшириғига биноан ИИБ камерасида ушлаб турилгани юзасидан мурожаат йўллади. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Ҳақиқатан ҳам QALAMPIR.UZ’да ёритилган воқеа рўй берган. Ходимларимиз воқеа жойида бўлишган ва уларни айтганингиздек, ички ишлар идораларига олиб кетишган. Мен ходимларимиз билан гаплашиб, кечанинг ўзида Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқуловга қонуний чора кўришини сўраб, хат киритдим”, дейди қўмита раиси ўринбосари Ўтаев.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал QALAMPIR.UZ`да муаллиф Суннатилла Абдуллаевнинг “Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?” номли журналистик суриштируви эълон қилинган эди.
Унда жорий йил 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтар экан, “Туркистон” санъат саройи олд қисмида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлгани, ўша заҳоти ҳудудга журналистлар, камера, Ички ишлар ва прокуратура ходимларини чақиртиргани, воқеага алоқадорлар ҳибслангани, Юнусобод тумани Ички ишлар идорасига олиб кетилгани ва айби исботланмай туриб, суд қарорисиз ИИБда сақлаб турилгани, бу ноқонуний хатти-ҳаракат устидан ҳеч бир ташкилот эътироз билан чиқиш қилмагани ҳақида ёзилган эди. Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига олиб кириб кетилганлар орасида Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари С.М. ва Б.К. ҳам бўлган. У шу куни уйидан чақиртирилиб, 26 июнь куни соат 18:00 га қадар ҳибсда сақланган.