Керак бўлса, ОАВ орқали узр сўраши керак! – Ўтаев Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳаракатларига баҳо берди
Таҳлил
−
08 Июль 2019
21315Бундан бир неча кун аввал, QALAMPIR.UZ интернет нашрида муаллиф Суннатилла Абдуллаевнинг “Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?” номли журналистик суриштируви эълон қилинган эди.
Унда жорий йил 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтар экан, “Туркистон” санъат саройи олд қисмида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлгани, ўша заҳоти ҳудудга журналистлар, камера, Ички ишлар ва прокуратура ходимларини чақиртиргани, воқеага алоқадорлар ҳибслангани, Юнусобод тумани Ички ишлар идорасига олиб кетилгани ва айби исботланмай туриб, суд қарорисиз ИИБда сақлаб турилгани, бу ноқонуний хатти-ҳаракат устидан ҳеч бир ташкилот эътироз билан чиқиш қилмагани ҳақида ёзилган эди. Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига олиб кириб кетилганлар орасида Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари С.М. ва Б.К. ҳам бўлган. У шу куни уйидан чақиртирилиб, 26 июнь куни соат 18:00 га қадар ҳибсда сақланган.
Бугун, 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти билан ўтган Матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ мухбири бундан икки ҳафта аввал рўй берган воқеани эслатиб, қўмита раиси ўринбосари Ўктам Ўтаевга мурожаат қилди.
“Сиз айтган ҳудуддаги 11 та дарахтнинг зарарлангани, синиши мумкинлиги, кимнингдир ҳаёти ва мулкига зарар етказиши эҳтимоли мавжудлиги бўйича Юнусобод тумани ҳокимияти томонидан Давлат хизматлари агентлиги орқали бизга мурожаат қилинган эди. Бизнинг ходимлар ушбу мурожаатни кўриб чиқиб, дарахтларнинг 9 таси ҳақиқатан ҳам касалланганини аниқлаган ва кесишга рухсат берилган.
ДХАдан келиб тушган ҳужжат асосида Юнусобод тумани ҳокимлиги қарор чиқариб, кесилиши керак бўлган дарахтга рухсат олиши керак эди. Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев дарахтлар кесилаётган жойга қандай келиб қолгани, бу хабар ОАВда қандай тарқалгани бўйича менда маълумот йўқ. Нима мақсаддалигини билмайману шаҳар ҳокими ушбу вазиятга холис баҳо беришдан йироқлашган. Аслида Юнусобод тумани ҳокимиятининг айби билан бу ҳолат юзага келган”, дейди қўмита раиси ўринбосари.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг топшириғига биноан шу куни дарахт кесилишига алоқадор бўлган ободонлаштириш ходимлари ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари – жами 13 киши ҳибслангани ҳақида маълумотлар QALAMPIR.UZ`га етиб келгач, биз Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилиб, айби исботланмаган кишини ҳибслаш қонунга зид экани, ҳибсланганлар орасида Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари С.М. ва Б.К. ҳам борлигини айтган эдик. Қўмитага “Ходимларингизни ҳимоя қилмайсизми”, деган мурожаат билан чиққан эдик. Қўмита раиси эса QALAMPIR.UZ`нинг мурожаатидан ҳам, шу куни Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари С.М. ва Б.К.нинг ҳибсланганидан ҳам бехабарлигини айтди. (!)
“Ички ишлар ёки прокуратура ва суд органларининг тегишли қарори бўлмасдан туриб одамларни ушлаб туришга, уларга нисбатан чоралар кўришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу айбсизлик презумпцияси”.
QALAMPIR.UZ мухбири Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Ўктам Ўтаевга шу кундаги воқеа ва ҳибсланганлар ҳақида бир неча бор қўмита Матбуот хизмати раҳбари Севара Давлатовага мурожаат қилингани, “ходимингизни нима учун ҳимоя қилмаяпсиз, у ҳамон туман ИИБда ўтирибди”, деган мурожаат билан чиққанини, шундай кейин ҳам ўзгариш бўлмаганини айтди.
“Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи номига шахсан мурожаат қилиб, агар бизнинг ходим ноқонуний ушлаб турилганми-йўқми аниқлаймиз. Агар шундай бўлган бўлса, биз прокуратурага мурожаат қилиб, бу масалани охирига етказамиз. 3 соатдан ортиқ ходимни ушлаб туришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”.
Ўктам Ўтаев Мутбуот анжумани сўнгида QALAMPIR.UZ мухбири билан алоҳида суҳбат қуриб, бу воқеага дахлдорлар қонунан жавоб бериши кераклигини айтди. Ўтаевга кўра, ҳоким Ортиқхўжаев хатти-ҳаракатлари учун ОАВ орқали узр сўраши керак.
“Мен ҳозироқ бориб, ўша ходимни чақираман. Ҳозир сиздан бу гапларни эшитиб, асабийлашяпман. Ким уларга бу ҳуқуқни беряпти? Мен бир-икки ҳокимларни биламан, шахсиятга тегиб, сўкади, бақиради. Агар у ҳам ҳудди шундай хатти-ҳаракат қилаётган бўлса, керак бўлса оммавий ахборот воситаларида чиқариб, кечирим сўраттириш керак”, дейди қўмита раиси ўринбосари.
Кўрамиз, натижа қандай бўларкин...