Норбоева кўчгач, маҳалласи талон-торож қилиняпти ёхуд Тошкент Ортиқхўжаевнинг маҳрига тушганми?
Таҳлил
−
30 Октябрь 29660 8 дақиқа
Пойтахтнинг Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилишича, бир вақтлар автотураргоҳ учун мўлжалланган ер майдони узоқ вақт темир тўсиқ билан ўраб қўйилганидан сўнг, энди тадбиркорга бериб юборилмоқда.
Мурожаатчиларга кўра, 2011-2013 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилган Навоий кўчаси ёқасидаги 8 та кўп қаватли уй аҳолиси 2018 йилгача автотураргоҳ сифатида фойдаланиб келган ер майдони “Toshkent City” қурилиши бошлангач, одамларни чангдан ҳимоя қилиш баҳонасида темир тўсиқ билан ўраб олинган. Эндиликда эса бу жой хусусий мактаб қуриш учун тадбиркорга бериб юборилган.
Гап Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Олмазор” МФЙ ҳудудида, тушунарлироқ қилиб айтганда, “Toshkent City” ва Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар орасидаги ер майдони ҳақида кетмоқда.
Аҳоли мурожаатини ўрганиш учун борганимизда қурилиши кутилаётган лойиҳа раҳбари Ҳожиакбар Аппонов ҳам ўша ерга келиб, қайсидир маънода фуқароларга тушунтириш ишларини олиб боришга уринди. У ўзи билан олиб келган қурилиш лойиҳасини намойиш этар экан, аҳоли ҳеч қандай расмий тасдиқларсиз, ўлчамлари кўрсатилмаган бундай суратларга ишонмаслигини билдирди.
Қайд этиш лозимки, ҳозирда аҳоли ўша пайтда Бош вазир, ҳозир эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2011 йил 17 майдаги фармойиши ҳамда ўша пайтда пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи, кейинроқ эса 7 йил давомида ҳоким бўлган Раҳмонбек Усмоновнинг мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида чиқарган 2011 йил 16 июндаги қарорига суянмоқда.
Фуқароларнинг билдиришича, яшил ҳудуд ва автотураргоҳ учун уларнинг меҳнати ва маблағи сарфланганига қарамасдан, ҳудуддаги 2 та ер участкаси аукционга чиқарилаётганида улар билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаган.
“Стоянка” тадбиркорга, яшил ҳудуд эса “Toshkent City” тасарруфига ўтказиб берилганидан оғзаки тарзда хабардор бўлган аҳоли адвокат ёллаб, бу ҳаракатларнинг қайси ҳужжатлар асосида амалга оширилгани ҳақида маълумот олиш учун тегишли жойларга сўровлар юборган, аммо аниқ жавоб олинмаган.
Мурожаатчилар ўша пайтдаги Бош вазир ҳамда пойтахт ҳокимининг қарор ва фармойишларига қарамасдан, кўп қаватли уйларга тегишли ер майдонининг тадбиркорга бериб юборилишини Президент Мирзиёев юқорида таъкидлаган ҳолатга менгзашмоқда.
“Отангга бор, онангга бор!”
Таъкидлаш жоиз, автотураргоҳ қурилиши кўзда тутилган бу майдоннинг қандай қилиб бирданига мактабга айланиб қолаётгани ва ўзи умуман, қандай қилиб аукционга чиқарилгани, қолаверса, мазкур ташаббус кимники эканини аниқлаш осон бўлмади. QALAMPIR.UZ ушбу маълумотларни тўплаш учун бир неча ташкилотлар билан боғланди.
Хусусан, биз мурожаат қилган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги билан боғланишимиз кераклигини билдирди. Туман ҳокимлиги эса мазкур ер майдонлари Кадастрлар палатаси томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш тизими – “Yerelektron”га жойлаштирилгани, ўз навбатида, туман қурилиш бўлими томонидан мазкур тизим орқали ваколатли ташкилотларга тегишли хулоса олиш учун юборилганини маълум қилди. Таъкидланишича, тегишли ташкилотлардан ижобий хулосалар олингач, ер майдонлари онлайн аукцион савдога чиқарилган ва уларни “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ ютиб олган.
Аукцион натижалари тўғрисидаги баённомаларда келтирилишича, ҳар икки ер майдони учун аукцион 2025 йилнинг 24 мартида бўлиб ўтган. Хусусан, ҳудуддаги бўш турган 36 ва 29 сотихлик ер участкалари хусусий мактаб ҳамда боғча биноларини қуриш учун “Ozun Tashkent Construction” МЧЖга ижара асосида берилган.
36 сотихлик ер участкасининг сотилгандаги баҳоси 10 млрд 957 млн 100 минг сўмни, 29 сотихлик ер участкасини эса 8 млрд 827 млн 414 минг сўмни ташкил қилган.
Аукцион савдоларининг қай даражада шаффофлик билан ўтказилгани, бошқа иштирокчилар ким экани ҳақидаги маълумотлар бизга қоронғи. Билганимиз шуки, ҳар икки аукционда ғолиблик учун фақат икки дона компания курашган, холос. Мағлуб бўлган компаниялар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас, чунки аукцион шартларига кўра, мазкур МЧЖлар номи махсус ID билан беркитилган.
Аслини олганда, шаҳар марказидаги ҳар қандай тадбиркор орзу қиладиган бу жой учун ўнлаб, балки ундан ҳам кўпроқ талабгорлар бўлиши керак эмасми?
Энди яна ер учуасткаларининг қандай қилиб аукционга чиқариб юборилганига қайтсак. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги маълумоти асосида Кадастрлар палатаси билан боғландик. Мазкур ташкилотнинг жавоби бизни Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайта мурожаат қилишга ундади. Сабаби, 36 сотихлик ер участкаси пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2024 йил 24 сентябрдаги 662-14-0-Қ/24 сон қарори билан захира ер фондига ўтказилгани ва аукцион савдосига чиқариш учун 2025 йилнинг 5 мартида “Yerelektron” тизимига жойлаштирилгани маълум қилинди.
QALAMPIR.UZ ҳоким Умурзоқовнинг мазкур ер майдонини захира ер фондига ўтказиш тўғрисидаги қарори билан танишиб чиқди. Қайд этилишича, ушбу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августдаги “Тошкент шаҳридаги “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида янги шаҳарсозлик объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 519-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида чиқарилган.
Унда “Toshkent City” ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат унитар корхонаси тасарруфидаги Шайхонтоҳур тумани, Хадра кўчаси бўйидаги кўп қаватли турар жойлар ва “Gardens” турар жой мажмуаси оралиғида жойлашган 29 сотих ер майдонини захира ер фондига ўтказиш белгиланган.
Айни шу нуқтада эътибор бериш лозим бўлган бир неча жиҳатлар кўзга ташланади. Биринчидан, шаҳар ҳокими қарорида ижроси таъминланаётгани айтилган Вазирлар Маҳкамасининг айнан шу номдаги ёки рақамдаги ва ҳатто санадаги қарор матнини очиқ манбалардан топа олмадик.
Иккинчидан, Кадастрлар палатаси 36 сотихлик ер участкасининг аукционга чиқарилишига асос деб кўрсатган ҳоким қарорида гап 36 эмас, 29 сотихлик ер участкаси ҳақида бормоқда. Қисқаси, англаганингиздек, ҳужжат масалаларида чалкашлик бордек назаримизда.
Қолаверса, пойтахтнинг ушбу қисмида 1 сотих ер нархи 100 минг доллардан ошиб турган бир пайтда 36 сотих ер участкаси 860 минг долларга яқин нархга, 29 сотихлик ер участкаси эса 695 минг доллар атрофидаги нархга аукционда ютиб олинган. Бу эса ҳар бир сотих учун 24 минг долларни ҳам ташкил этмайди. Тўғри, ер ижара асосида тақдим этилмоқда, бироқ аукционга чиқарилган нарх бу ҳудуд учун чинакамига арзон эмасми?
Қурувчи – муқаддам дарахткушликда айбланган МЧЖ
Аммо қурувчи ташкилотнинг кимлиги бундан ҳам қизиқроқ мавзу. Гап шундаки, мазкур МЧЖни кўпчилик пойтахтдаги кўнгилочар мажмуа қурилиши мобайнида кесиш ёки нотўғри кўчириш оқибатида йўқ қилинган 700 га яқин дарахтлар можароси орқали танийди.
Ёдингизда бўлса, бундан 3 йил олдин маҳаллий ОАВда бу ҳолатнинг Чилонзор тумани, Бўрижар канали бўйида қад ростлаган “Seoul Mun” лойиҳаси қурилиши жараёнида содир этилгани тўғрисидаги маълумотлар ёритилган эди. Ўшанда ҳам қурувчи ташкилот – бугун гаплашиб турганимиз “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ хорижий компанияси эди. Бу воқеалар ўша пайтда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиниб, дарахткушлик деб аталган, қурилиш бўлаётган ҳудуднинг сунъий йўлдошдан олинган кадрлари эса ҳаммани лол қолдирганди. Бу эса “Toshkent City”га бириктириб берилгани аҳолига оғзаки айтилган, аммо ҳеч бир ҳужжат тақдим этилмаётган яшил ҳудуд тақдирини ҳам сўроқ остига қўяди.
Лойиҳа раҳбари Аппоновдан бу ҳақда сўраганимизда у бундай ҳолат кузатилмаслигини айтди.
Аппонов мазкур майдонда нодавлат мактаб ва боғчадан ташқари ободонлаштирилган ҳудуд ҳам бўлишини, қолаверса, 600 машинага мўлжалланган автотураргоҳ ва ерости чиқинди сақлаш жойлари қурилишини маълум қилди.
Бироқ аҳоли ҳозир айтилаётган бу автотураргоҳ улар учун эмас, “Toshkent City” ва янги қурилаётган обьектларнинг меҳмон-у мезбонлари учун бўлса-чи, деб ҳавотирда. Чунки мурожаатчиларнинг иддаосича, бугун ечимини топмаётган масалалар ҳам худди шундай оғзаки ваъдалар ортидан келиб чиққан.
Ҳозирда аҳоли агар йўл ҳам, автотураргох ва ерости чиқинди сақлаш жойи ҳам “Toshkent City” томонда қилинса ва яшил ҳудудга зарар етмаслиги кафолатланса, қурилиш лойиҳасига розилик беришлари мумкинлигини билдирмоқда.
Аммо бунинг учун оғзаки ваъдаларга ишониш катта хато бўлишини аллақачон англаб етган аҳоли қурувчи томонидан ишончли ҳужжатлар тақдим этилишини сўрамоқда.
Ортиқхўжаевнинг “Ozun Tashkent Construction”га қандай алоқаси бор?
Фаолият тури бўйича тураржой биноларини қуриш билан шуғулланувчи ушбу “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ Туркиянинг “Ozun Insaat Yatirim Danismanlik” компанияси таъсисчилигида 2018 йилда рўйхатдан ўтказилган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу таъсисчи қурилиши 130 млн долларига баҳоланган “Olmazor City” тураржой мажмуасининг асосий инвестори ҳисобланади.
Интернетдаги очиқ манбаларда келтирилишича, “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ учун талабнома берувчи компания барчага таниш, Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “J-UNITED GROUP” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади.
Қисқа қилиб айтганда, шаҳар ичида шаҳар “Toshkent City” “биқини”даги ер участкалари атрофида бўлаётган воқеалар тизгини энди тушунарлироқ бўлганга ўхшайди. Президент ишдан олган Ортиқхўжаев ҳокимиятдан кетган бўлса-да, унинг кўланкаси ҳамон ҳокимликкача ёйилади, дейиш мумкин.
Қурилиш лойиҳаси раҳбари мазкур ер майдонларида ижтимоий обьектлар қурилиши ва ҳудуд ободонлаштирилишини иддао қилмоқда. Аҳоли эса бепул бўлмаган ҳар қандай обьект – ижтимоий эмас, тижорий эканини урғуламоқда. Тўғри, мактаб – илм оладиган, ниҳоятда зарурий маскан. Мактаб ва боғча қуришга ҳаракат қилинаётган бўлса, бу яхши-ку, дейишингиз ҳам мумкин. Ҳақсиз, бу яхши. Аммо ким учун? Бу ҳудуднинг бир томони “Toshkent City” бўлса, бир томони оддий аҳоли истиқомат қиладиган одатий кўп қаватли уйлар. Шундай экан, нега энди бу ҳудудда давлат мактабини қуриш мумкин эмас? Ахир, унча-мунча одам ойига палон сўм тўлаб, фарзандини хусусий мактабда ўқитиш имкониятига эга эмас. Қолаверса, бу ҳудудда фаолият юритаётган хусусий мактаб аллақачон мавжуд.
Воқеалар кетма-кетлиги бир қарашда юқори даромадли “Toshkent City” аҳолиси учун мумкин бўлган барча қулайликлар яратиб беришга киришилганини англатади. Аммо бу ҳудудда бошқалар ҳам яшаётгани ва уларнинг ҳам эҳтиёжлари борлигини унутмаслик лозим.
Live
Барчаси