Алишер Икромов 25 йил деганда лавозимдан четлатилди
Жамият
−
10 Июль 2019
17616ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг масъул котиби Алишер Икромов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Алишер Икромов ушбу лавозимда 25 йилдан буён фаолият юритиб келаётган эди. Унинг нима сабабдан лавозимини тарк этгани ҳозирча маълум эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бундан бир неча кун аввал Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, хусусан Самарқанд ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида халқаро ОАВда хабарлар тарқалди. Бунга шаҳарда, жумладан Регистон ансамбли атрофида амалга оширилган қурилиш ишлари сабаб сифатида кўрсатилди.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг (БМҚ) Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтган 43-сессиясида Ўзбекистон томонининг “Бухоронинг тарихий маркази” ва “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объектларининг сақланганлиги тўғрисида тақдим қилган ҳисоботлари кўриб чиқилди. Шундан сўнг, Самарқанд шаҳри Хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилмади.
Кеча, 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан учрашиб, халқаро ОАВда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва обидалари ҳақида тарқалган хабарлар мамлакатнинг туризм салоҳияти ва халқаро майдондаги имижига путур етказаётгани билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йилда мустақил давлат сифатида аъзо бўлган ва бу Ташкилот билан унинг ҳар бир соҳадаги ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.
1997 йилда Ташкилотга аъзо мамлакатлар Ўзбекистон Республикасини тўрт йилга Бошқарув Қўмитага бошқарув органига сайлаган. Шу йўсинда, 2009 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг Бошқарув Қўмитасига аъзо сифатида қайтадан сайланган.
Бундан ташқари, ЮНЕСКО раҳбарлигида ва ҳамкорлигида Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллик, Шахрисабз ва Қаршининг 2700 йиллик, шунингдек, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейлари тантанали нишонланган. ЮНЕСКОнинг бевосита кўмагида Самарқанд шаҳрида Марказий-Осиё Халқаро тадқиқот институти тузилди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 10та кафедра ва ЮНЕСКОнинг 10та ижтимоий-таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда, шунингдек, ЮНЕСКО тасарруфидаги 46 та мактаб мавжуд.
LiveБарчаси