“Лазги” ЮНЕСКО рўйхатига кирди
Жамият
−
13 Декабрь 2019
8241ЮНЕСКО “Лазги” рақсини инсониятнинг Номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритди. Ҳозирда бу рўйхатга “Бахшичилик” санъати ва этник спорт турларини ҳам киритиш ҳаракати бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
“Лазги” бўйича якуний қарор ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг Колумбия пойтахти Богота шаҳрида ўтказилган 14-сессиясида қабул қилинган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Умид Шодиев бошчилигидаги делегация “Лазги” номинациясининг тантанали намойишини ўтказган. Намойиш вақтида бой маданий меросга эга бўлган Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритиш учун яна кўплаб ноёб элементларни таклиф қилиши мумкинлиги айтилган. “Бахшичилик” санъати ва этник спорт турларини келаси йил рўйхатга киритиш фикри расман илгари сурилган.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси умумий муҳокамалардан кейин “Лазги”ни рўйхатга киритишни маъқуллаган. Қўмита аъзоларининг овоз беришига зарурат қолмаган.
Эндиликда, ЮНЕСКО Хоразм рақсини сақлаш, ривожлантириш ва кенг тарқалиши учун зарур чоралар кўриш мажбуриятини олди.
Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг баҳолаш комиссияси “Лазги”ни қадимий экани, минтақадаги бошқа рақс турларидан ажралиб туриши ва одамга ўзгача руҳ ва жўшқинлик беришини алоҳида таъкидлашган.
Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита 14 декабргача ўз ишини давом эттиради ва яна 42 мамлакатнинг номоддий элементларини кўриб чиқади.
Маълумот учун, “Лазги”гача “Бойсун маданий муҳити”, “Наврўз байрами”, “Шашмақом”, “Катта ашула”, “Аския ижрочилиги”, “Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар” каби қадриятлар ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.
LiveБарчаси