Самарқандда нималар бўляпти?
Жамият
−
10 Июль 2019
23600Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни кечмоқда. Бу йил Давлат тест маркази томонидан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнига кўпгина ўзгартиришлар киритилган.
Шу сабабдан айрим ОТМларга ҳужжат топшириш жараёнида абитуриентларнинг узундан-узун навбатлари юзага келган. Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига ДТМнинг ҳужжат қабул қилишдаги онлайн тизимида келиб чиққан носозликлар сабаб бўлмоқда. Ҳудди шундай ҳолат Самарқанд давлат университетида ҳам кузатилди.
“Замон” ахборот-таҳлилий дастурида маълум қилинишича, СамДУга ҳужжат топшириш учун абитуриентларнинг айримлари тонгги соат 07:00 атрофида келган бўлсада кун ярмидан ўтганда ҳам ўз навбатини кутишда давом этмоқда.
Абитуриентларнинг таъкидлашича, улар бир неча кун аввал ҳам келган аммо навбат етмай қайтиб кетишга мажбур бўлган. Тонгда келган бўлишига қарамай, ҳатто, дарвозадан ҳам киритилмаяпти. Ички ишлар ходимлари ҳужжат топшириш учун келганлар орасида тартибни сақлаш билан оввора бўлмоқда.
Ҳужжат қабул қилиш муддати якуни яқинлашиб қолгани сабаб ҳозирда ҳужжат топширмоқчи бўлаётганлар сони ҳар куни бир неча мингга ортиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ туфайли абитуриентларнинг айримларида ҳолдан тойиб, ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Тиббиёт ходимлари уларга биринчи ёрдам кўрсатмоқда.
СамДУ қабул комиссияси аъзосининг маълум қилишича, онлайн тизим ярим соат ишлаб, кейин икки соатлаб ишламай қолади.
“Тизимга абитуриентлар паспорт маълумотларини киритилгач, унга махсус квитанция чиқариб беради. Бу ҳар бир абитуриент учун шахсий ҳисоб рақам ҳисобланади. Абитуриентлар ушбу ҳисоб рақами бўйича тўловни амалга оширади. Лекин айни кунларда тизим яхши ишламаяпти. Ярим соат ишлаймиз, кейин бир соат, икки соат давомида тизимда узилиш рўй беради. Дастурдаги муаммолар абитуриентларнинг тўпланиб қолишларига сабаб бўлмоқда”, дейди Аслиддин Нуриддинов.
Ҳолатни бартараф этиш учун қандай чоралар кўриш керак? Бу савол билан СамДУ ректори Рустам Холмуродовга мурожаат қилинганда, у шундай жавоб берди.
“Бу йилдан эътиборан СамДУда ҳам ҳужжатлар Давлат хизматлари агентлигида қабул қилинмоқда. Аммо, бу тизим иш-фаолиятининг биринчи йили бўлгани сабаб техник носозликлар юзага келиб, етарлича абитуриентларни рўйхатдан ўтказа олмаяпти.
Биз муаммони ҳал этиш учун компьютерлар сонини яна кўпайтирдик, лекин техникани кўпайтирган билан буларнинг барчаси бир чизиқдан ўтади. Муаммони бу билан ҳал этиб бўлмайди. Ходимлар сонини кўпайтирамиз, эртадан бошлаб яна қўшимча иккита бино қабул жараёнига жалб этилади.
Хабарингиз бор, бу йил ҳужжатларнинг 80 фоизи жойларнинг ўзида қабул қилиниши керак эди, агарда тизим меъёрида ишлаганда”, деб жавоб берди ректор Рустам Холмуродов.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь