Таътилдаги Мирзиёев, Қозоғистондаги талатўп, ХК билан хайрлашган Назарбоев... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Якунига етаётган 5 январь Ўзбекистон ва халқаро майдонда содир бўлган муҳим воқеликлар билан эсда қолмоқда. Хусусан, Президент Мирзиёев қисқа таътилга чиққан бир пайтда, қўшни Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи оширилиши ортидан бошланган митинг янада аланга олди. Мамалакатдаги вазият қалтис. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Биринчи Президент – Элбоши Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Шу каби муҳим воқеа-ҳодисалар қисқача тафсилоти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Президент Мирзиёев таътилга чиқди

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 январдан навбатдаги қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раиси ўринбосари - Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. 

Давлат раҳбари ўтган йили ҳам айнан январь ойида қисқа муддатли таътилда бўлган эди.

Бухорода маст ота ўзининг 17 ёшли ўғлини пичоқлаб ўлдирди

2021 йилнинг 30 декабрь куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманида маст ҳолатда уйига келган ота ўзининг 17 ёшли ўғлини пичоқлаб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, воқеа 30 декабрь куни соат 18:30 ларда Ғиждувон тумани “Денов” маҳалласида содир бўлган. Ўша куни мазкур маҳаллада яшовчи, 1980 йилда туғилган С.З. маст ҳолатда уйига келган. Уйида 2004 йилда туғилган ўғли У.Н. билан жанжаллашиб қолган ва унинг қорин соҳасига ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказган.

Оқибатда 17 ёшли У.Н. кўрсатилган муолажаларга қарамай, олган оғир тан жароҳати туфайли туман шифохонасида вафот этган.

Митинглар ортидан Ўзбекистон Қозоғистон шаҳарларидан бирига парвозларни тўхтатди

“Uzbekistan Airways” АЖ Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда акционерлик жамияти Матбуот хизмати маълум қилди. 

Қайд этилишича, Ақтау халқаро аэропорти халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпганлиги муносабати билан жорий йилнинг 5 январь куни амалга оширилиши режалаштирилган HY-9725/9726 Урганч – Ақтау – Урганч йўналиши бўйича мунтазам қатновлари бекор қилинган. 

Авиакомпания ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилишини қўшимча қилган. 

“Загранпаспорт”ни энди ДХМларда ҳам олиш мумкин

2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш ички ишлар бўлимлари билан бир вақтда Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали ҳам амалга оширилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт ("Загранпаспорт") бериш учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (270 минг сўм)ни ташкил этади. 

Чимёнда норозиликка сабаб бўлган ҳолат бўйича раcмий изоҳ берилди

Ижтимой тармоқлар орқали Чимёнда дам олувчиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган “қўлбола тўсиқлар” нима мақсадда қўйилгани хусусидаги эътирозларга Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан расмий муносабат берилди.

“Бугунги кунда дам олиш масканига ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли мутасадди ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилинган ва ҳудуддаги (от, квадратцикл, сноуборт, тюбинг, чанғи ва бошқа) кўнгилочар спорт турлари билан шуғулланувчи спорт ихлосмандлари ва якка тартибдаги дам олувчилар ўртасида турли хил кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади изоҳда.

Булунғурнинг собиқ ҳокими янги лавозимга тайинланди

Бугун, 5 январь куни подполковник Баҳодир Абдуллаевич Баҳромов Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Тайинловга қадар у Булунғур тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган. 2021 йил 22 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 

Шунингдек, Баҳодир Баҳромов 1996-2000 йилларда Самарқанд давлат университетида таҳсил олган. 2018-2019 йилларда Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари, 2019-2021 йилларда Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Mercedes-Benz ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмида “дрифт” кўрсатди

Ижтимоий тармоқларда Mercedes-Benz E 200 ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмида "дрифт" қилаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 1 январь куни тахминан соат 02:10 да Чилонзор туманида 35 ёшли Б.Л. томонида Mercedes-Benz E 200 автомобилида содир этилган.

Собиқ ректор Президент Администрациясида иш бошлади

Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимига тайинланди. 

У тайинловга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори лавозимида фаолият юритиб келган. 2022 йилнинг 3 январида ушбу лавозимдан озод этилиб, ўрнига Аббосжон Мирзораҳимов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори этиб тайинланган.

Расман! Ўзбекистонликлар учун Умра сафарига рухсат берилди

Бугун, 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда умра сафарини ташкил этиш чораларини кўриш, ҳудудларда COVID пандемиясидан аввал навбатда турган фуқароларнинг имкониятларини ўрганиш, рўйхатларни қайта шакллантириш, авиақатновлар жадвалини ишлаб чиқиш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланган. 

Шунингдек, зиёратни юқори даражада ташкил этиш учун “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати орқали Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун қулай шароитларни ҳозирлаш, Икки Ҳарам масжидига яқин бўлган меҳмонхоналарни танлаш, замонавий транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш каби ишлар амалга оширилади. 

Олам

Қозоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.   

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.   

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. 

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Қозоғистон Бош прокуратураси эса мамлакат фуқароларини Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришга ва уларга зарур ёрдам кўрсатишга чақирди.

Намойишлар ортидан Назарбоев истеъфога чиқди

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев телевидение орқали мурожаатида маълум қилди. 

Таъкидланишича, энди Тўқаевнинг ўзи мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллади. Ушбу лавозимда 2019 йил мартдан буён Элбоши Нурсултон Назарбоев фаолият юритиб келаётган эди. 

Бандитлар ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда – Тўқаев

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бир тўда бандитлар ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев телевидение орқали қилган мурожаатида айтиб ўтди.

“Олма-отада бандитлар тўдаси ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда, ҳатто уларни яланғоч ҳолда кўчалардан олиб ўтяпти, дўконларни талон-тарож қиляпти”, деди Тўқаев.

Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги тўқнашувлар оқибатида хавфсизлик кучларининг баъзилари ҳалок бўлган, кўпчилиги яраланган. 

АҚШда Россия Байденни ҳурмат қилиши учун кутилмаган усул таклиф қилинди 

Америка расмийлари Эронга ядровий келишув бўйича босим ўтказиши керак, шунда Россия ва Хитой Президент Жо Байденни жиддий қабул қила бошлайди. Бу ҳақда кичик Жорж Бушнинг собиқ нутқ ёзувчиси Уильям Макгерн “The Wall Street Journal”да эълон қилган.  

“Байденда нафақат Теҳронда ядровий бомба пайдо бўлишининг олдини олиш, балки Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпинни халқаро майдонда чора кўришдан олдин икки марта ўйлашга мажбур қилиш учун ажойиб имконият бор”, деган муаллиф. 

Макрон яна президентлик сайловида иштирок этмоқчи

Франция Президенти Эммануэль Макрон жорий апрель ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида иштирок этишни истаётганини билдирди. Бироқ, ўзини номзод сифатида расман эълон қилмади. Бу ҳақда ТАCC хабар бермоқда.

“Ёлғон гапиришга ҳожат йўқ. Мен президентликка яна номзодимни қўйишни хоҳлайман. Буни яширмайман. Охиригача бора олишимга ишончим комил бўлгандагина расман номзодимни кўрсатаман”, дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Макрон бу сафар президентликка номзодлар орасида аёллар кўплигидан мамнунлигини билдирди. 

Нижний Новгороддан Хўжандга учаётган самолёт Тошкентга қўнишга мажбур бўлди

Бугун, 5 январь куни Нижний Новгороддан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига учаётган S76431 рейси белгиланган аэропортдаги қуюқ туман туфайли Тошкент аэропортига қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда РИА Новости Тошкент аэропорти вакилига таяниб, хабар берди. 

“S7 Airlines авикомпаниясининг  Нижний Новгород–Хўжандга учаётган S76431 рейси белгиланган аэропортдаги қуюқ туман туфайли Тошкентга соат 10.00 да қўнди”, деган аэропорт вакили.

Спорт

Бокс оламининг “баронлари” эълон қилинди

Британиянинг “Manchester Evening News” нашри дунёнинг энг бадавлат боксчилари рейтингини эълон қилди.

Қайд этилишича, беш вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, америкалик Флойд Мейвейзер 400 миллион фунт (479,5 миллион евро) эвазига рейтингни бошқариб турибди. Иккинчи ўринни супероғир вазнда собиқ жаҳон чемпиони Жорж Форман (222 миллион фунт) эгаллаб турган бўлса, яқиндагина фаолиятини якунлаган, 8 вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Менни Пакьяо (163 миллион фунт) кучли учликка якун ясаган.

Дунёнинг энг бой 10 нафар боксчилари:

1. Флойд Мейвейзер (400 миллион фунт стерлинг)
2. Жорж Форман (222 миллион фунт стерлинг)
3. Менни Пакьяо (163 миллион фунт стерлинг)
4. Оскар Де Ла Хоя (148 миллион фунт стерлинг)
5. Саул Алварес (105 млн фунт стерлинг)
6. Леннокс Льюис (103 миллион фунт стерлинг)
7. Тайсон Фьюри (100 миллион фунт стерлинг)
8. Шакар Рей Леонард (88 миллион фунт стерлинг)
9. Энтони Жошуа (60 миллион фунт)
10. Владимир Кличко (58 млн фунт)

WBA янгиланган рейтингида ўзбек боксчиларининг ўрни қандай?

Бутунжаҳон бокс ассоциациясининг (WBА) 2021 йил декабрь ойи якунига кўра янгиланган рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, ярим енгил вазнда (-55,3 кг) WBA чемпионлик камари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев мазкур йўналишда рейтингнинг энг юқори поғонасида бормоқда. У шунингдек, IBF йўналишида ҳам чемпион ҳисобланади.

Биринчи ўрта вазн тоифасида (69,8 кг) мағлубиятсиз одимлаётган Исроил Мадримов ўтган ойда франциялик Мишель Сорони мағлуб этган ҳолда 1-ўринга кўтарилиб олди. Мадримов катта эҳтимол билан реванш жангида ҳам ғалаба қозонса, чемпионлик жангида рингга кўтарилади.

Конор чемпионни жангга чорлади 

Икки вазн тоифасидаги UFC собиқ чемпиони Конор Макгрегор ўзининг Instagram саҳифасида енгил вазннинг амалдаги чемпиони, бразилиялик Чарльз Оливейрани осонликча мағлуб этишини маълум қилди.

Конор Оливейранинг футболчи Неймар билан тушган суратини илова қилиб, “Мен иккаласини ҳам чекиб юбораман”, дея ёзиб қолдирган.

Заррух Адашевнинг UFC’даги жанги бекор қилинди

Ўзбекистонлик ММА жангчиси Заррух Адашевнинг UFC’даги жанги бекор қилинди

29 ёшли Заррух Адашев (4-3) промоушендаги 4-жангини 2022 йилнинг 16 январь куни “UFC Vegas 46” турнири доирасида бразилиялик Клейдсон Родригесга (7-1) қарши ўтказиши керак эди. Бироқ Адашев қўлидан олган жароҳати сабаб ушбу жангда иштирок эта олмайдиган бўлди ва UFC ушбу жангни бекор қилди.

IJF Бобоновни 10 000 АҚШ доллари билан мукофотлади

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) 2021 йилни ўз вазн тоифасининг рейтинг пешқадами сифатида якунлаган 14 нафар дзюдочини мукофот тариқасида 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирлади.  

Пул мукофотига эга чиққанлар орасида Токио Олимпиадасининг бронза медали совриндори ўзбекистонлик Давлат Бобонов ҳам бор. Навоийлик спортчи 90 кг вазн тоифаси рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этилишича, IJF шу йўл билан 14 та вазн тоифасида Олимпиада йилини биринчи ўринда якунлаган дзюдочиларни тақдирлашга қарор қилган. 

Қозоғистонлик UFC жангчиси намойиш ўтказаётган юртдошларини қўллаб-қувватлади

Қозоғистонлик UFC жангчиси Шавкат Раҳмонов (14-0) юртдошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз Instagram саҳифасига видео жойлаштирди.

“Мен ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз биланман. Ҳозир мен Қозоғистонда эмасман ва қўллаб-қувватлашим мумкин бўлган ягона нарса бу видеони ёзиб олиш. Умид қиламанки, ҳукумат муаммоларни халқ манфаати учун ҳал қилади. Оллоҳдан барчага куч ва сабр тилайман”, дейди Раҳмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг