Бош прокуратура Қозоғистон халқига мурожаат билан чиқди

Олам

image

Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакат фуқароларини Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришга ва уларга зарур ёрдам кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Булат Дембаевнинг мурожаатида айтиб ўтилган. 

Департаментнинг эслатишича, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни тиклаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан Олма-ота шаҳри ва Манғистау вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилган. 

“Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасидан келиб чиқиб, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида фуқароларни кўрилаётган чора-тадбирларга тўғри ёндашишга, Ички ишлар органлари ва ваколатли органлар ходимларининг қонуний талабларини бажаришга чақирамиз. Уларга ёрдам кўрсатиш зарур”, дейилади мурожаатда.

Шунингдек, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмаслик, провокацияларга берилмаслик ва фавқулодда ҳолат тартибини бузмаслик, балки расмий манбаларда эълон қилинган мамлакатдаги мавжуд вазият ҳақидаги ишончли маълумотлардан фойдаланишга чақирилади.

Дембаев фавқулодда ҳолат талабларини бузган шахслар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.   

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.   

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. 

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

мурожаат намойиш

Баҳолаганлар

686

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг