Бандитлар ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда – Тўқаев
Олам
−
05 Январь 2022
23081Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бир тўда бандитлар ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев телевидение орқали қилган мурожаатида айтиб ўтди.
“Олма-отада бандитлар тўдаси ҳарбий хизматчиларни масхара қилмоқда, ҳатто уларни яланғоч ҳолда кўчалардан олиб ўтяпти, дўконларни талон-тарож қиляпти”, деди Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги тўқнашувлар оқибатида хавфсизлик кучларининг баъзилари ҳалок бўлган, кўпчилиги яраланган.
“Севимли шаҳримиздада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига оммавий ҳужумлар содир бўлмоқда, улар билан бир қаторда оломон ҳам жабр кўряпти”, деди Президент.
Шунингдек, Тўқаев давлат раҳбари ва бугунги кунда Хавфсизлик Кенгаши раиси сифатида имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилишини ҳам таъкидлади.
“Мен фуқароларимизнинг хавфсизлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга мажбурман. Қозоғистоннинг яхлитлиги ҳақида қайғураман, мен кўрган чоралар кўп миллатли Қозоғистон фаровонлигига қаратилган”, деди у мурожаатида.
Президент халқ билан бирлашиб, Қозоғистон тарихдаги бу қора чизиқни енгишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Бугун, 5 январь куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь