Швецияда энди Таврот ва Инжилни ёқишмоқчи

Олам

image

Швеция полицияси диний китобларни ёқиш бўйича акция ўтказиш юзасидан учта янги ариза олди. Улар орасида Таврот ва Инжилни ёқиш мақсадида ўтказиладиган намойиш учун сўралган ижозат ҳам бор. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди

Қайд этилишича, янги аризаларнинг бири худди жорий йилнинг 28 июнь куни бўлгани сингари Стокгольмдаги масжид ташқарисида Қуръон китобини ёқиш бўйича юборилган. Ариза муаллифи 50 ёшлар атрофидаги аёл “имкон қадар тезроқ” намойиш ўтказишга рухсат берилишини сўраган. 

Иккинчи ариза Таврот ва Инжилнинг ёқилиши билан боғлиқ бўлиб, намойиш ўтказиш жойи сифатида Стокгольмдаги Исроил элчихонасининг ёни танланган. Намойиш ташкилотчиси 30 ёшли йигит ҳисобланади. У буни Қуръоннинг ёқилишига жавобан амалга оширишини маълум қилиб, мазкур намойишни “сўз эркинлиги учун рамзий йиғин” деб атаган. Агар полиция рухсат берса, шу йилнинг 15 июль куни Исроил элчихонаси олдида икки муқаддас китоб – Таврот ва Инжил ёқиб юборилади. 

Диний матнларнинг ёқилиши билан боғлиқ намойиш ўтказиш юзасидан юборилган яна бир ариза, полиция маълумотига кўра, “алоҳида шахс” томонидан юборилган. Ушбу намойиш 12 июль куни Хелсинборгда ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди

Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди

Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган

АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган

Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйча миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.

2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди.

3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди.

Бугун, 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралади.


Мақола муаллифи

Теглар

Швеция Қуръон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг