17 ёшли хоккейчи ўйин пайтида коньки тиғи билан бўйнини кесиб олди
Sport
−
18:02 411 1 minute
Словакия ўсмирлар терма жамоаси ҳужумчиси Матуш Валек Швециянинг Нючёпинг шаҳрида ўтказилаётган “Беш миллат” турнири доирасида Чехияга қарши учрашувда бўйнидан жиддий жароҳат олди. Бу ҳақда Словакия хоккей федерацияси (SZLH) расмий сайтида хабар берди.
Ҳодиса биринчи бўлимнинг 15-дақиқасида, Чехия 1:0 ҳисобида олдинда бораётган пайтда содир бўлди. Словакия ҳимоя зонасидаги тўқнашувдан сўнг Валек шайба учун курашда ғолиб чиқди. Бироқ чехиялик ҳужумчи Виктор Шамал йиқилиб, конькиси тиғи билан унинг бўйнига тегиб кетди.
Словакия хоккей федерацияси маълумотига кўра, жароҳат одатий ўйин жараёнида тасодифан юз берган. Валек захира ўриндиғи томон йўл олган ва у ерда унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.
17 ёшли хоккейчи тезда шифохонага олиб кетилган. Унинг аҳволи барқарор экани ва ҳаёти хавф остида эмаслиги маълум қилинди. Ҳодисадан сўнг ҳар икки жамоа учрашувни тўхтатишга келишиб олган.
Маълумот учун, “Беш миллат” турнири жорий йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Нючёпинг шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Швеция, Финляндия, Чехия, Швейцария ва Словакия ёшлар терма жамоалари иштирок этмоқда. Чехияга қарши учрашув словаклар учун гуруҳ босқичидаги сўнгги баҳс бўлиши керак эди.
Live
All