Рим папаси Швецияда Қуръон ёқилганини қоралади
Олам
−
03 Июль 2023
15199Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон китобининг ёқиб юборилганини қоралади. Бу ҳақда “Bernama.com” хабар берди
Қайд этилишича, папа Франциск Қуръоннинг ёқилиши уни ғазаблантирганини, бундай ҳолат сўз эркинлигининг ифодаси сифатида талқин қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган.
“Муқаддас деб ҳисобланадиган ҳар қандай китоб унга ишонадиганларнинг ҳурмати учун қадрланиши керак. Мен бу ҳаракатлардан ғазабландим ва жиркандим. Сўз эркинлигидан ҳеч қачон бошқаларни менсимаслик, уларни рад этиш ва қоралаш учун восита сифатида фойдаланилмаслиги керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди.
Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган.
Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди.
Кеча, 2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди.