Мессидан кейин 10-рақам кимга насиб этади? “Барселона” бу рақамни муомаладан чиқарадими?

Спорт 11140
image

Хабарингиз бор, аргентиналик футбол юлдузи Лионель Месси ёзда “Барселона”ни эркин агент сифатида тарк этиб, Франциянинг ПСЖ клуби сафига келиб қўшилган. У 21 йил давомида “Барселона”нинг ёшлар ҳамда катталар жамоалари сафида тўп сурган. 10-рақам эса Лионель Мессининг “Барселона”даги имижининг муҳим бир қисми эди. 2008 йилда Роналдиньо клубдан кетганидан бери Лео ушбу рақам остида ўйнаб келарди.

“Месси фаолиятини тугатгач, бу яқин орада бўлмайди деб умид қиламан, “Барселона” 10-рақамга ҳеч ким тегмаслиги учун уни муомаладан чиқариши керак”, деганди бразилиялик афсонавий футболчи 2018 йилда “The Sun” нашрига берган интервьюсида.

“Барселона”да 10-рақамли футболкада бошқа бировни кўриш ғайриоддий бўлади, лекин буни четлаб ўтиш деярли иложсиз. Ла Лига қоидалари туфайли Мессининг қадрдон рақамини абадий сақлаб қолиш қийин. Испан клубларининг Ла Лига учун қайдномаси 25 футболчидан иборат бўлади. Ушбу футболчиларнинг ҳар бири 1 дан 25 гача бўлган рақамларни танлаши мумкин. Дарвозабонлар эса 1, 13 ёки 25-рақамларини танлай олади. Қолган рақамлар майдондаги ўйинчилар учун. Камдан кам ҳолатларда, академиядан эндигина келган футболчиларга 26 дан 50 гача бўлган рақамларни олишга рухсат берилади.

“Барселона”нинг биринчи жамоасида ҳозир 24 футболчи бор. Фақат 10, 24 ва дарвозабонлар учун мўлжалланган 25-рақамлар (ҳозирда “Барселона”да икки нафар посбон бор — Тер Штеген ва Нето) бўш. Шу билан бирга ўтган мавсумда асосий жамоага ўтган Оскар Мингеса ҳозирча 28-рақамда кўрсатилган. Катта эҳтимол билан ҳимоячи янги мавсумдан анча анъанавий рақамда ҳаракат қилса керак.

Жамоага янги келганлар эса қуйидаги рақамларни олган: Мемфис Депай – 9 (Мартин Брейтуэйтнинг ўтган мавсумдаги рақами, даниялик футболчи ҳозир 12-рақамда), Серхио Агуэро – 19, ҳимоячи Эмерсон – 22, “Манчестер Сити”дан келган Эрик Гарсия эса ҳозирча рақамсиз.

XXI аср “Барселона”си учун афсонавий ҳисобланган 6 ва 8-рақамли футболкалар ҳам ўз эгаларини топган — уларни Рикки Пуч (6) ва Миралем Пьянич (8) танлаган.

10-рақамнинг янги эгаси ким бўлади?

10-рақамни муомаладан чиқариш йўли ҳам бор, аммо бу жуда катта таваккалчилик бўлади. Агар бир ўйинчи мавсум қайдномасидан четлатилса, рақамни муомаладан чиқариш мумкин. Шунда қайдномада 24 нафар ўйинчи қолади, бўш қолган рақамни эса ишлатмаслик ҳам мумкин. Худди шу ишни “Эспаньол” 2009 йилда амалга оширганди, жамоа ўша йили фожиали тарзда вафот этган ҳимоячи Даниэль Харке хотираси учун 21-рақамни муомаладан олиб ташлаган.

Бу ҳолатда “кўк-анорранглилар” ҳар мавсумда қайдномада битта бўш жой билан қолиши керак бўлади. Бироқ рақобат даражаси ва потенциал жароҳатлар ҳисобга олинса, бу жуда катта хавфдир.

Кузатамиз, улар қандай йўл тутаркан?

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 428
Рейтинг: 2.9
t
×