Ниғматилла Йўлдошев қидирувдаги шахслар билан учрашгани айтилди. Бош прокуратура муносабат берди (видео)

3-саҳифа

image

Интернетда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган Шерали ва Абдували Абдуллаевлар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видеоёзув ҳамда улар тез орада оқланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бош прокуратура бунга раддия билдириб, видеодаги шахслар қидирувдаги одамлар эмаслигини таъкидлади. 

Билдирилишича, 2024 йилнинг 2-4 январь кунлари Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркия Республикасига бориб, “Medipol Mega” тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев (видеода қора рангли курткада турибди) ҳамроҳлик қилган. 

"Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништиради. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашишади. Шерали Собиржанов клиникага ўзининг фарзандини даволанишга олиб келганлигини айтиб, Бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнларига келганини тушунтиради. Шундай қилиб, видеода Бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган", дейилади хабарда. 

Маълумот учун, Абдували Абдуллаев томонидан 2018 йил 10 май куни “Baxmal Juice Master” МЧЖга банкдан 1,1 млн АҚШ доллари миқдорида кредит олиниб, кредит қарздорлигининг 633 минг АҚШ доллари қасддан қопланмаганлиги оқибатида, гаровдаги “O’zengilulgurjisavdo” МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетганлиги боис, жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказилган. 

“O’zengilulgurjisavdo” МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан, 2021 йил 25 январь куни Абдували Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи Абдуллаевга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда экани номаълум бўлганлиги сабабли вақтинча тўхтатилган. 

"Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли – Раҳматилла Абдуллаев ҳам айбланувчи (Жиноят кодексининг 168, 233, 184-моддалари билан айблов хулосаси тузилган) сифатида жалб қилинган. 2022 йил 13 июндаги Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, Раҳматилла Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168 ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган", дейилади хабарда.  

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган (иш Тошкент шаҳар прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган). 

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниб, Раҳматилла Абдуллаев Жиноят кодекснинг 168 ва 184-моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 6 ой озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июндаги ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Абдували Абдуллаев Шерали Абдуллаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made