Имомали Раҳмон Рим Папаси билан учрашди
Олам
−
26 Апрель
5544Бугун, 26 апрель куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ватиканда расмий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Сан-Дамасо ҳовлисида олий мартабали меҳмонни муносиб кутиб олиш учун фахрий қоровул саф тортди. Муқаддас тахт биносида Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмонни Рим Папаси Франсиск самимий кутиб олди. Имомали Раҳмон ва Рим Папаси Франсиск ўртасидаги учрашувда самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Тожикистонда барча дин вакилларининг бағрикенглик ва ҳамжиҳатликда яшаши учун барча шароит яратилгани алоҳида таъкидланди. Ўзининг бой илмий ва адабий тараққиёти билан тарихан жаҳон цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган тожик халқи динлараро ва цивилизациялараро мулоқотларнинг барча турларини олқишлайди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Муқаддас Тахт халқаро тизимнинг субъекти сифатида жаҳон ишларида муҳим ўрин тутади. Унинг халқаро майдонда тинчлик, барқарорлик, бағрикенглик ва тотувлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишдаги доимий ҳиссаси катта.
Учрашув давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам самарали музокаралар ўтказилди.
Учрашув ва музокаралар якунида Рим Папаси Тожикистон Республикаси расмий делегацияси билан танишди. Тожикистон Президенти ва Рим Папаси ўртасида эсдалик совғалари алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Имомали Раҳмон Римда Италия Бош вазири Жоржия Мелони билан учрашганди. Жорий йилнинг январь ойида Италияга сафар қилган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Рим Папаси қабулида бўлганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15