Россия Тожикистоннинг ХЖСдан чиқиш қарорини олқишлади
Олам
−
167 2 дақиқа
Россия Тожикистоннинг Халқаро жиноий суд (ХЖС)дан чиқиш тўғрисидаги қарорини олқишлайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳуқуқий департаментининг баёнотида сўз боради.
“Биз бундай қарорларни олқишлаймиз. Халқаро институтлар сиёсий тарафкашлик билан ўз обрўсини тўкмаслиги керак”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Россия ТИВ обрўси ва холислиги жиддий шубҳа уйғотаётган ХЖСдан узоқлашишни афзал кўраётган давлатлар сони тобора ортиб бораётганини қайд этган. Шунингдек, идора халқаро суднинг ўз ваколатлари доирасидан чиқишига йўл қўйиб бўлмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Халқаро жиноий суддан чиқиши ҳақида расман хабардор қилган эди. Шартнома қоидаларига кўра, республика бир йилдан сўнг – 2027 йил 20 ноябрда юридик жиҳатдан Рим статути иштирокчиларидан бири сифатида аъзолигини тўхтатади.
Тожикистон Рим статутини 1998 йилда имзолаган, 2000 йилда уни ратификация қилган ва 2002 йил 1 июлда Халқаро жиноий суд аъзосига айланган. Тожикистон Суд таркибидан чиқадиган биринчи давлат эмас: Мали, Буркина-Фасо ва Нигер 2025 йилда бундай қарорларини эълон қилган. Венесуэла ҳам ушбу жараённи бошлаган.
Қайд этиш жоиз, Тожикистон ХЖС ҳибсга олишга ордер берган Россия Президенти Владимир Путинни қўлга олмагани ортидан халқаро жамоатчилик, жумладан, Европа Иттифоқининг танқидига учраган эди. Путин ушбу ордер чиқарилгандан кейин икки марта Тожикистонга ташриф буюрди.
Live
Барчаси