Тожикистонда таксичиларнинг кунлик тўлови бекор қилинади
Ўзбекистон
−
463 2 дақиқа
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида такси ҳайдовчиларидан ҳар куни ундириладиган 100 сомонийлик (130 минг сўмдан зиёд) тўлов бекор қилинади. Шунингдек, йўловчи ташишни квоталаш тизими тугатилади ва 2027 йил 1 январдан рухсатнома олишнинг янги тартиби жорий этилади. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Янги тартибга кўра, ҳайдовчилар ишга чиққан ёки чиқмаганидан қатъи назар, такси компанияларига ҳар куни белгиланган миқдорда пул тўлашга мажбур бўлмайди. Комиссиянинг таъкидлашича, ўзгаришлар ортиқча тартиб-қоидаларни қисқартириш, ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар фаолиятини қонунийлаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Ҳозирча кунлик тўловни ундириш қачон тўхтатилиши ва янги шартлар бўйича ҳайдовчилар компанияларга қанча тўлаши маълум қилинмаган. Рухсатнома олиш учун аризалар 2027 йил 1 январдан Ягона давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Тегишли қарор кеча, 23 ноябрь куни Душанбе мэри Рустам Имомали раислигида ўтказилган Рақамли ислоҳотларни жорий этиш бўйича давлат комиссияси йиғилишида қабул қилинган.
Тўлов нима учун жорий этилган?
Душанбеда авваллари умумий парки қарийб 4,3 мингта автомобилдан иборат 12 та такси компанияси ишлаган. Ҳайдовчиларнинг айтишича, улар илгари компанияларга даромадларининг тахминан 10 фоизини тўлаб келган. Бироқ 2025 йилда “Жура” иловасига ўтилганидан кейин тўлов тизими ўзгарган ва ҳайдовчилардан ҳар куни қатъий 100 сомоний талаб қилина бошланган. Бу сумма уларнинг кунлик тушумига боғлиқ бўлмаган. Ҳатто касал бўлиб ёки бошқа сабаб билан ишга чиқмаган кунлари ҳам ҳайдовчилар тўлов қилишга мажбур бўлган.
Бундан ташқари, кўплаб ҳайдовчилар автомобиллари учун олган кредитларини ҳам тўлашда давом этган. Улар бундай тизимни адолатсиз деб ҳисоблаб, шароит ўзгармаса, ҳайдовчиларнинг бир қисми бозорни тарк этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
2026 йил июль ойида Рустам Имомали транспорт масалалари бўйича ўринбосари, Транспорт вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга кунлик тўловни бекор қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширган.
Ўша вақтда Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим тўлов миқдори ҳайдовчи ва такси компанияси ўртасидаги шартнома асосида белгиланишини айтган. Шунингдек, амалдаги қоидаларга кўра, илова орқали келган буюртмаларни тўрт марта рад этган ҳайдовчи тизимдан вақтинча узиб қўйилиши ва унга янги буюртмалар кўрсатилмаслигини билдирган.
Шу даврда йўловчилар ҳам эрталаб ва кечқурун такси топиш қийинлашганидан шикоят қилган. Уларнинг айтишича, тиғиз вақтларда операторлар бўш машиналар йўқлигини маълум қилган, ҳайдовчилар эса буюртмаларни тез-тез бекор қилган.
Live
Барчаси