Путин Раҳмон билан 201-ҳарбий база фаолиятини муҳокама қилди
Олам
−
18:16 306 3 дақиқа
Бугун, 20 ноябрь куни Тожикистон ва Россия Президентлари Имомали Раҳмон ҳамда Владимир Путин Душанбеда музокаралар ўтказди. Учрашувнинг асосий мавзулари қаторидан меҳнат миграцияси, минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ўрин олди. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Россия – бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли иттифоқчимиз, икки мамлакат муносабатлари муваффақиятли ривожланмоқда”, дейди Раҳмон учрашув аввалида.
У Россияни Тожикистоннинг бош савдо-иқтисодий ҳамкори деб атаган ҳамда мамлакатлар маданий-гуманитар соҳа ва хавфсизлик йўналишида алоқаларни ривожлантираётганини таъкидлаган.
Россия Президенти, ўз навбатида, мазкур учрашув “КХШТ доирасидан ташқарида” алоҳида тартибда минтақавий хавфсизлик ва 201-Россия ҳарбий базаси фаолиятини муҳокама қилиш имконини берганини қайд этган.
У музокараларнинг асосий масалаларидан бири сифатида иқтисодий ҳамкорликни тилга олган. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон билан Россиянинг 70 дан ортиқ ҳудудлари ҳамкорлик қилмоқда.
“Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши 25 фоиздан ошди, жорий йилнинг тўққиз ойида эса қарийб плюс 19 [фоиз]ни ташкил этди. Яхши суръат, мен сизга Россия–Тожикистон муносабатларини ривожлантиришга эътибор қаратаётганингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман”, дейди Путин.
Музокараларда томонлар энергетика, саноат, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Икки давлат раҳбарлари, шунингдек, инвестицияларни кўпайтириш ҳамда сунъий интеллект, электрон давлат хизматлари ва киберхавфсизлик соҳаларида биргаликда ишлашдан манфаатдор эканликларини билдирган.
Президентлар меҳнат миграцияси масалаларини бундан буён ҳам ҳал этиб бориш муҳимлигини таъкидлаган. Айнан қайси масалалар ҳақида сўз борганига аниқлик киритилмаган.
Гуманитар соҳада Раҳмон ва Путин таълим, фан ва маданият йўналишидаги ҳамкорликни, жумладан, Душанбеда Иқтидорли болалар халқаро маркази ва Маяковский номидаги Рус драма театри қурилишини муҳокама қилган. Путин, шунингдек, Раҳмонга рус тилини ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирган.
Томонлар минтақадаги вазият, терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш масалаларини кўриб чиққан. Президентлар икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари, махсус хизматлари ва мудофаа идораларининг ўзаро ҳамкорлигини юқори баҳолаган.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Марказий Осиёда энг йирик ва доимий ҳарбий иштирокка эга бўлган мамлакат Россия Федерацияси ҳисобланади. Тожикистонда Россиянинг мамлакат ташқарисидаги энг йирик ҳарбий объекти — 201-ҳарбий база жойлашган (Душанбе ва Бохтар шаҳарларида). Бундан ташқари, Тожикистондаги Норак шаҳри яқинида Россия космик қўшинларига тегишли “Окно” оптик-электрон назорат тизими фаолият юритади. Қирғизистонда эса Россиянинг Кант шаҳридаги бирлашган авиабазаси мавжуд бўлиб, у КХШТ Тезкор жавоб қайтариш кучларининг ҳаво компонентларини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин бугун, 20 ноябрга ўтар кечаси амалий ташриф билан Тожикистонга етиб борган эди.
Live
Барчаси