Путин, Си ва Трамп музокаралари якуни бўйича декларация қабул қилинди
Олам
−
18:39 709 2 дақиқа
Бугун, 19 ноябрь куни Россия, АҚШ ва Хитой етакчилари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Си Цзиньпиннинг уч томонлама учрашуви якунлари бўйича давлат раҳбарларининг тинчлик тўғрисидаги қўшма декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатни Кремль эълон қилди.
“Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп 2026 йил 19 ноябрь куни Шэньчжэнда учрашув ўтказдилар. Россия ва АҚШ давлат раҳбарлари ушбу тарихий уч томонлама Саммитни ташкил этгани ва ўтказгани учун Хитойга миннатдорлик билдирдилар. Уч давлат раҳбарлари жорий халқаро вазият юзасидан батафсил фикр алмашдилар ҳамда стратегик барқарорлик ва халқаро хавфсизликни қўллаб-қувватлашга содиқ эканликларини изҳор этдилар”, дейилади декларацияда.
Шунингдек, ҳужжатда 4 та банд бор:
- БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари сифатида Россия, Хитой ва АҚШ БМТ глобал чақириқларга янада самарали жавоб бериши ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизлик соҳасидаги ўзининг асосий миссиясига мувофиқ бўлиши учун БМТни ислоҳ қилишга содиқ эканликларини билдирган;
- Уч давлат барча мамлакатлар фаровонлиги йўлида нефтни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Улар барқарор энергия таъминотининг муҳимлигини тасдиқлаган;
- Уч давлат раҳбарлари давлатларнинг розилиги тамойили ва давлатлар расмий шахсларининг дахлсизлигига риоя этилиши фундаментал аҳамиятга эга эканини қайд этган ҳамда Халқаро жиноий суд ва бошқа шунга ўхшаш тузилмалар ўз ваколатларини суиистеъмол қилмасликлари кераклигига қўшилган;
- Уч давлат раҳбарлари ядро урушида ғолиблар бўлиши мумкин эмаслигини ва у ҳеч қачон бошланмаслиги кераклигини тасдиқлаган. Уч мамлакат ядровий хатарларни камайтириш ва ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш бўйича мулоқот олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, уч мамлакат етакчиларининг тарихдаги илк музокаралари APEC саммити доирасида бўлиб ўтди ва бир ярим соат давом этди. Учрашув бошида Путин, Си ва Трамп қутлов сўзи билан чиқиш қилди, шундан сўнг музокаралар ёпиқ эшиклар ортида давом этди.
Live
Барчаси