Путин, Трамп ва Си ўртасидаги учрашув 1,5 соат давом этди. Улар нималар ҳақида гаплашди? (видео)
Олам
−
15:33 536 2 дақиқа
Россия, АҚШ ва Хитой етакчилари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Си Цзиньпиннинг Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳридаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасидаги музокаралари бир ярим соат давом этди. Етакчилар учрашуви Тошкент вақти билан тахминан соат 13:30 да бошланганди.
Ёпиқ эшиклар ортидаги уч томонлама музокаралардан олдин учрашувнинг очиқ қисми бўлиб ўтди. Учала етакчи ҳам кириш сўзлари билан чиқиш қилди. Си Цзиньпин саммитни ушбу форматдаги тарихда илк учрашув деб атади ва унинг асосий вазифаси йирик давлатлар муносабатларида тинчлик ҳамда стратегик барқарорликни сақлаб қолиш эканини билдирди.
ХХР Раисининг сўзларига кўра, Россия, АҚШ ва Хитойнинг ўзаро ҳамкорлиги халқаро хавфсизлик учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки ушбу мамлакатлар тинчликни таъминлаш учун масъулдир.
“Тарих шуни ўргатадики, йирик давлатлар ўртасидаги яхши муносабатлар дунёни хавфсиз қилади, улар ўртасидаги қарама-қаршилик эса дунёни тартибсизликка ғарқ қилади”, дейди у.
Путин эса, ўз навбатида, уч давлатнинг халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун умумий масъулиятини таъкидлаган. Россия Президенти муҳокама қилинадиган мавзулар қаторида глобал ва минтақавий иқтисодий алоқаларни, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини санаб ўтган.
“Мамлакатларимизнинг минтақавий можароларни, жумладан, албатта, Украинадаги можарони ҳам тартибга солиш борасида ўзаро мос келувчи кўплаб манфаатлари мавжуд. Бу ҳақда кеча Хитой Халқ Республикаси Раиси билан ҳам гаплашган эдик, бугун эса Америка Қўшма Штатлари Президентининг ташаббуси билан икки томонлама учрашувда бунга кўп эътибор қаратдик”, дея қўшимча қилган у.
Трамп эса учта энг йирик давлат етакчилари олдида “муҳокама қилинадиган кўп масалалар” турганини таъкидлаган.
“Биз тарихга киришимизга ишончим комил”, дейди у.
Эҳтимолий ҳамкорлик йўналишлари орасида Америка Президенти ядровий арсеналларни қисқартириш ва ядро қуроли тарқалиши хавфини камайтиришни алоҳида ажратиб кўрсатган. Шунингдек, у етакчилар Украинадаги можарони муҳокама қилишларини тасдиқлаган.
“Президент Путин ва мен бугун ушбу можарони аллақачон етарлича узоқ муҳокама қилдик. Менимча, биз тўғри йўналишда кетяпмиз. Умид қиламанки, Президент Путин ҳам, Украина томони ҳам ушбу можаронинг якунланишига эришишни истайди”, дейди у.
Live
Барчаси