Путиннинг Хитойдаги “ядровий чамадони”: у нима учун керак ва ичида нима бор? (видео)

Бу қизиқ

−

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи чоғида унинг “ядровий чамадони” кўзга ташланди. Уни давлат раҳбари ортидан ким олиб юради, у нима учун керак ва ичида нима бор? “News.ru” шу ҳақда ёзди. 

Путиннинг Хитойга ташрифи вақтида унинг “ядровий чамадони” кўринди. Журналист Евгений Попов Шэньчжэндаги саммит давомида ўзига хос кейсга эътибор қаратди. Уни Россия Президентининг зобитларидан бири олиб юрган эди. Журналист ундан қўлидаги “ядровий чамадон” эканлигини тасдиқлашни сўради.

“Ҳа, ўша”, дея жавоб берди зобит журналистнинг саволига.

Россия Президенти ортидан унинг “ядровий чамадонини” айнан ким олиб юриши ошкор этилмайди. Қатор ОАВларнинг ёзишича, ушбу қурилмаларни Стратегик мақсадли ракета қўшинлари (СМРҚ) Марказий қўмондонлик пункти офицерлари таркибидан шакллантириладиган махфий “К” хизмати офицерлари олиб юради.

Россия олий раҳбариятида жами учта “ядровий чамадон” мавжуд: Олий Бош қўмондонда (Россия Президентида), Мудофаа вазирида ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғида. Бунда айнан Президент қурилмаси асосий роль ўйнайди. Барча учта “ядровий чамадон” учун захира қурилмалар ҳам мавжуд.

“Россия Президенти Владимир Путин Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳридаги APEC саммитига олиб борган “ядровий чамадон” мамлакат ҳарбий қудратини намойиш этиш воситасига айланган бўлиши мумкин”, дея маълум қилган “News.ru” нашрига Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг сиёсатшунослик профессори Александр Шатилов. 

Унинг фикрича, бундай қурилманинг пайдо бўлиши халқаро кескинлик фонидаги дипломатик сигналнинг бир қисми саналади.

“Катта эҳтимол билан, APEC саммитида “ядровий чамадон”нинг пайдо бўлиши – бу муайян процессуал элементдир. Одатда Россия Президенти ядровий тугмадан ажралмайди ва “Х соати” келган тақдирда якуний қарор унга тегишли бўлади. Одатда бу чамадонни унчалик кўз-кўз қилмасликка ҳаракат қилишади. Лекин, эҳтимол, бу ерда бу мавзуни “ҳамкорлар” Россиянинг ядровий мақомини эслашлари учун атайлаб кўтаришгандир. Биз билан ҳисоблашиш керак. Менинг назаримда, бу – бизнинг душманларимизга айланмаслик кераклиги ҳақидаги сигналдир”, деб ҳисоблайди Шатилов.

“Ядровий чамадон” қандай ясалган, унинг ичида нима бор?

“Ядровий чамадон”нинг аниқ тузилиши қатъий сир сақланади. Маълумки, у “Казбек” ёки “Кавказ-7” номи билан танилган стратегик ядровий кучларни автоматлаштирилган бошқариш тизимининг (АБТ) кўчма абонент терминали (“Чегет” шифри) ҳисобланади.

“Ядровий чамадон” ўлчами 30 га 40 см ва қалинлиги тахминан 10 см бўлган қора кейс кўринишида. У шифрли қулфи билан бирга тахминан 10 кг тош босади. Дастлаб СССРда бундай кейслар қатъий равишда маҳаллий материаллардан тайёрланган, бироқ кейинчалик бу талаблар олиб ташланган. Масалан, Россиянинг биринчи президенти Борис Ельциннинг кейси Samsonite фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган.

“Чегет” тизимининг абонент терминали конференц-алоқага эга телефон аппарати ҳисобланади. Аслида у ерда ҳеч қандай “қизил тугма” йўқ. Кейс ичида шифрланган алоқа тизими жойлашган бўлиб, у сунъий йўлдош орқали Бош штабдаги бошқарув қўмондонлик пункти ва захира пунктлари билан боғланиш ҳамда зарурат туғилганда ядровий зарба бериш тўғрисида буйруқ бериш имконини беради.

“Ядровий чамадон” аслида нима учун керак, у қачондир қўлланилганми?

СССР Қуролли кучлари Бош штаби муҳандисларга 1970 йилларда ядро қуролини марказлашган ҳолда бошқариш тизимини ишлаб чиқиш бўйича тактик-техник топшириқ берган. Ўша пайтда Пентагон Европада энг янги Pershing 1a ва Pershing II туридаги ракеталарнинг бир нечта батареяларини ишлаб чиққан ва жойлаштирган. Натижада уларнинг Совет Иттифоқи ҳудудигача учиб бориш вақти 14 дақиқадан 7 дақиқагача қисқарган.

“Ядровий чамадон” яратувчиларидан ҳимояланган алоқа тизимининг барча зарур элементларини кичик корпус ичига жойлаштириш талаб этилган. Бунда бошқарувни максимал даражада соддалаштириш зарур эди: тақдирни ҳал қилувчи қарор қабул қилиниши керак бўлган “Х лаҳзаси”да давлат раҳбари ёки қуролли кучлар қўмондони кучли стресс ҳолатида бўлиши мумкин. У барча зарур ҳаракатларни бажаришга ва буйруқ беришга қодир бўлиши керак.

“Ядровий чамадонлар” тизими қандай ишлаши ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланади. Тахминларга кўра, эгаси фақат ўзига маълум бўлган шифрни киритиши керак, бу эса ракеталарни учириш имкониятини блокдан чиқаради. Агар керакли буйруқ келиб тушмаса, Россияда “Ўлик қўл” номи билан танилган автоматик жавоб зарбаси тизими мавжуд.

Россия тарихида “ядровий чамадон” жанговар режимга ўтказилган ягона ҳолат 1995 йил 25 январда содир бўлган. Норвегиядаги полигондан тадқиқот ракетаси учирилган ва у янглиш тарзда Американинг Trident баллистик ракетаси сифатида аниқланган. Мудофаа вазири Павел Грачёв ва Бош штаб бошлиғи Михаил Колесников билан боғланган Президент Ельцин “ядровий чамадон”ни ишга туширган. Тез орада вазиятни юмшатишга муваффақ бўлинган ва бекор қилиш сигнали узатилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг