Украина разведкаси Россиянинг янги ҳужумлар тайёрлаётганини аниқлади

Олам

−

visibility859 timer2 дақиқа

image

Украина разведкаси Россия мамлакат ҳудудига янги зарбалар беришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот олган. Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ ва бошқа давлатларни бу маълумотларга эътибор қаратишга, мамлакатга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни таъминлашга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 23 ноябрь куни кечқурун видеомурожаатида маълум қилди.

“Разведкамизда россияликларнинг янги зарбаларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот бор”, деган Зеленский.

Бироқ у Россия ҳужумлари қачон амалга оширилиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Унинг билдиришича, Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини баллистик ракеталардан ҳимоя қилиш учун зарур мудофаа тизимларини етказиб бериш АҚШ ва бошқа давлатларнинг қарорларига боғлиқ.

“Бундай огоҳлантиришлар АҚШ ва қарорлари шаҳарларимиз ҳамда инфратузилмамизни ҳимоя қилиш учун баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимларини етказиб беришга таъсир кўрсатадиган бошқа давлатларда ҳам инобатга олиниши муҳим”, деган Украина Президенти.

“Reuters” хабарига кўра, сентябрь ойидан бери Россия кучлари Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига деярли узлуксиз ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келмоқда. Кеча, 23 ноябрь куни Киевнинг марказий туманларидан бирига берилган зарба оқибатида беш киши жароҳатланган. Бир кун аввал эса пойтахт атрофидаги шаҳарчага уюштирилган ҳужумда 11 киши ҳалок бўлган.

Шунингдек, Зеленский 23 ноябрь куни НАТО Парламент ассамблеяси йиғилишида Украинага билдирилган қўллаб-қувватлашни юқори баҳолаган. Унинг фикрича, бу мамлакатнинг альянсга аъзо бўлишга муносиб эканини кўрсатади.

“Энг муҳими, Украина НАТОдан жой олишга тўлиқ лойиқ экани, нафақат альянсга қўшила олиши, балки уни амалда мустаҳкамлаши мумкинлиги тушунилмоқда”, деган у.

Зеленский, шунингдек, Украина ҳамкорлик, умумий қадриятлар ва сиёсий тамойиллар орқали аллақачон НАТОнинг бир қисмига айланганини таъкидлаган.

Россия эса Украинанинг НАТОга қўшилишига доимий равишда қарши чиқиб келмоқда. Москва бу позициясини ўтган ҳафта Украина ва АҚШ билан урушни ҳал қилиш бўйича уч томонлама музокаралар қайта бошланганидан кейин ҳам такрорлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Украинага Европа давлатлари маблағини олдиндан тўлаган Patriot ҳаво мудофааси ракеталарини ҳам етказиб беришга рухсат бермаётганини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг