Яна бир Марказий Осиё давлати Россия билан АЭС қуриши мумкин

Олам

−

visibility9765 timer2 дақиқа

image

Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ҳамда Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси Марказий Осиёдаги ваколатхонаси бош директори ўринбосари Дмитрий Константинов Душанбеда бўлиб ўтган учрашувда республикада кичик атом электр станциялари (АЭС) қуриш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика вазирлиги хабар берди. 

“Суҳбат чоғида томонлар энергетика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, Тожикистон Республикасида кичик атом электр станцияларини қуриш имкониятларини ўрганиш масалаларини кўриб чиқди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, учрашувда томонлар “техник, иқтисодий ва экологик имкониятларни, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш масалаларини ҳар томонлама ўрганиш” зарурлиги юзасидан ҳам фикр алмашган. 

“Учрашув якунлари бўйича томонлар мулоқотни давом эттиришга ҳамда ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича фойдали ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2025 йилнинг март ойида “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв “Известия” нашрига берган изоҳида Тожикистонда Россия АЭСини қуриш истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, республика ушбу таклифни ўрганаётганини ва лойиҳа музокараларнинг дастлабки босқичида эканини айтган. 

Жорий йилнинг январь ойида Жума матбуот анжуманида ТАСС саволига жавоб бериб, гидроэнергетика соҳасида катта салоҳиятга эга бўлган Тожикистон атом энергетикасини ривожлантиришни ҳам долзарб деб ҳисоблашини ва ўзи учун бундай имкониятни истисно этмаслигини билдирган.

Республика Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистонда электр энергиясининг қарийб 98 фоизи гидроэлектр станциялар томонидан ишлаб чиқарилади, шу билан бирга мамлакатда электр энергияси генерацияси манбаларини диверсификация қилиш мақсадида қуёш ва шамол электр станциялари сонини ошириш режалари мавжуд. Умуман олганда, республиканинг гидроэнергетика салоҳияти йилига 527 миллиард кВт-соатдан ортиқ баҳоланмоқда, бу эса Марказий Осиёнинг ҳозирги эҳтиёжларидан анча юқори.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг