Икки ўт орасида қолган Душанбе: Тожикистон нега Халқаро жиноят судидан чиқмоқда?

Таҳлил

−

visibility613 timer9 дақиқа

image

Халқаро жиноят суди 2023 йилдаёқ Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган эди. Бунга кўра, Рим статутини ратификация қилган давлатлар Путин ўз ҳудудига кирган тақдирда, халқаро ҳуқуқий мажбуриятларидан келиб чиқиб, уни ҳибсга олиши ва судга топшириши керак.

Аммо Путин бу таҳдидни жиддий қабул қилмагандек кўринади. Бугунга қадар у 16 та давлатга сафар уюштирди ва ҳануз озодликда. Бироқ Россия раҳбари ташриф буюрган мамлакатлар орасида иккитаси алоҳида мажбуриятга эга эди. Булар – Мўғулистон ва Тожикистон. Ҳар икки давлат ўз вақтида Халқаро жиноят судининг Рим статутини ратификация қилган ва унинг қарорларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган эди.

Шунга қарамай, ҳибсга олиниши лозим бўлган Путин Тожикистонга икки марта ташриф буюрди. Душанбе эса уни қучоқ очиб кутиб олди. Бу ҳолат Европа давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлди. Танқидлар ва халқаро босимдан норози бўлган Душанбе эса ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиш ҳақидаги қарорини БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга етказди. Путин ташрифидан сўнг қабул қилинган ушбу қарор халқаро майдонда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Путин ортидан келган танқид

Владимир Путин учун Тожикистонга ташриф одатий дипломатик учрашувлардан бири бўлиши мумкин. Бироқ Халқаро жиноят суди томонидан ҳибсга олишга ордер берилган инсонни ўз давлати ҳудудига киритиш халқаро босим остида қолишнинг бошланиши бўлиши мумкин, айниқса, ушбу давлат 1998 йилда қабул қилинган Рим статутини ратификация қилган бўлса.

20 ноябрь куни эрталаб Россия Президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Тожикистонга борди. Уни Душанбе халқаро аэропортида мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан ўзи кутиб олиши икки давлат ўртасидаги яқин сиёсий алоқаларнинг очиқ намойиши бўлди. Музокаралар кун тартибидан стратегик шериклик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва айниқса, Тожикистонда жойлашган Россиянинг 201-ҳарбий базаси келажаги ўрин олди. Мазкур база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объектларидан бири бўлиб, Москванинг Марказий Осиёдаги ҳарбий таъсирини сақлаб туришда муҳим аҳамиятга эга. Демак, ташрифнинг сиёсий ва ҳарбий манфаатлари етарлича салмоқли эди.

Аммо 2023 йил 17 март куни Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия Президенти Владимир Путин ва Президент ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловaга нисбатан ҳибсга олиш ордерларини чиқарган. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш ва кўчириш билан боғлиқ уруш жиноятларида гумон қилинган. Рим статутига аъзо давлатлар эса суд билан ҳамкорлик қилиш ва унинг тегишли талабларини бажариш мажбуриятига эга. Тожикистон ҳам ана шундай давлатлардан бири, мамлакат статутни 1998 йилда имзолаган ва 2000 йилда ратификация қилган.

Бир томонда Россия билан стратегик алоқалар, ҳарбий ҳамкорлик ва иқтисодий манфаатлар, иккинчи томонда эса халқаро суд олдидаги мажбуриятлар. Тожикистон икки ўт орасида қолди. Мана шундай дилемма ёқасида қолган Душанбенинг қарори халқаро майдонда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. У Россияни танлади.

Орадан кўп ўтмай, Брюссель сукутни бузди. Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар хизмати (EEAS) 23 ноябрь куни эълон қилган баёнотида Путиннинг Тожикистонга ташрифидан афсусда эканини билдирди. Брюссель Душанбе Рим статутига аъзо давлат сифатида ХЖСнинг ҳибсга олиш ордерини бажариши кераклигини эслатди. Европа Иттифоқи, шунингдек, барча аъзо давлатларни суд билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга ва унинг ордерларини тезкор ижро этишга чақирди. Баёнотда Украинага қарши уруш давомида содир этилган халқаро жиноятлар учун жавобгарлик таъминланиши, жабрланувчиларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши кераклиги алоҳида таъкидланди.

20 ноябрь куни эса Тожикистон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни Халқаро жиноят судининг Рим статутидан чиқиш қарори ҳақида расман хабардор қилган. Бу ҳақдаги маълумот 23 ноябрь куни маълум бўлди. Рим статутининг 127-моддасига мувофиқ, бундай қарор тегишли билдиришнома БМТ Бош котибига топширилганидан бир йил ўтиб кучга киради. Демак, Тожикистоннинг ХЖСдан чиқиши 2027 йил 20 ноябрда амалга ошади. унга қадар мамлакат статут бўйича ўз мажбуриятларини бажариши лозим.

Бу қарор Путиннинг ташрифи билан бевосита боғлиқ экани расман тасдиқланмаган. Бироқ икки воқеанинг кетма-кет юз бергани ҳаммани бир хил тасаввурга келтирмоқда. Душанбе халқаро суд олдидаги мажбуриятларини бажариш ўрнига, унинг юрисдикциясидан чиқиш йўлини танлади.

Рим статути иштирокчи давлатлари ассамблеяси раиси ҳам шартномани ратификация қилган ягона Марказий Осиё давлати бўлган Тожикистоннинг бу ҳаракатидан хавотирда эканини билдирди.

“Иштирокчи давлатларнинг Рим статутидан чиқиш тўғрисидаги қарорлари адолатни биргаликда излашга путур етказиши ва жазосизликка чек қўйишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни сусайтириши мумкин. Халқаро жиноят суди халқаро жавобгарлик тизимининг марказида туради ва унинг самарадорлиги халқаро ҳамжамиятнинг доимий ва аниқ қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Адолатни излаш мақсадлар бирлиги орқали мустаҳкамланади”, деб ёзади ташкилотнинг президентлик идораси.

Европа Иттифоқи ҳам Тожикистоннинг ушбу қароридан афсусда эканини билдириб, мамлакатнинг ХЖСдаги иштироки “унинг қоидаларга асосланган халқаро тартиб, кўп томонламалик ва халқаро адолатга содиқлигини акс эттирганини” таъкидлади.

Иштирокчи давлатлар ассамблеяси ҳам, Европа Иттифоқи ҳам Тожикистон келишувнинг иштирокчи давлати бўлиб қолаётган экан, Рим статути бўйича мажбуриятлари сақланиб қолишини маълум қилди.

Қизиғи, Тожикистоннинг Путин ортидан танқидлар остида қолиши биринчи марта эмас. Ўтган сафар, Россия етакчиси 2025 йилда Душанбе шаҳрига ташриф буюрганида, Тожикистон ҳукумати уни нега ҳибсга олмаганининг сабабларини изоҳлашга мажбур бўлган эди. ХЖС олдида ўз позициясини ҳимоя қилар экан, Тожикистон вакиллари Россия Рим статутининг иштирокчиси эмаслигини қайд этган. Суд ҳужжатларига кўра, Тожикистон Россия билан икки томонлама келишувга эга эканини ҳам билдирган. Унга мувофиқ, “юқори мартабали амалдорлар учинчи томонлар юрисдикциясидан иммунитетга эга, шу боис улар ҳибсга олиниши ёки учинчи томонларга экстрадиция қилиниши мумкин эмас”.

Бу гал эса Душанбе бундай танқидларга буткул чек қўйишга қарор қилди. ХЖСдан чиқиш уни бундай мажбуриятлардан озод қилиши мумкин, бироқ аъзолик даврида юзага келган мажбуриятлар ва шу даврда содир этилган эҳтимолий жиноятлар бўйича суд ваколати сақланиб қолади.

ХЖСга қарши катта “уруш”

Тожикистоннинг Халқаро жиноят судидан чиқиш қарори халқаро ҳуқуқ тизимига берилган навбатдаги зарба бўлди. Бироқ бу воқеа ХЖСдан чиқиш кампаниясининг бир қисми холос. Сўнгги йилларда суд атрофида шаклланган сиёсий қарама-қаршиликлар, айрим давлатларнинг унга нисбатан ишончининг сусайиши ва, айниқса, АҚШнинг очиқ босими халқаро жиноий одил судлов тизимини тобора мураккаб аҳволга солмоқда. Бир томонда Россия раҳбари Владимир Путинни ҳибсга олишга қодир бўлмаган давлатлар, иккинчи томонда эса суднинг ўзини жазолашга киришган Вашингтон турибди. Натижада халқаро адолат учун яратилган институтнинг тақдири йирик давлатларнинг сиёсий манфаатлари билан тўқнаш келмоқда.

ХЖС тарихида бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. 2017 йилда Бурунди суддан расман чиққан биринчи давлат бўлди. Бунга мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий зўравонликлар юзасидан бошланган тергов сабаб бўлган. Орадан икки йил ўтиб, 2019 йилда Филиппин ҳам ташкилот билан алоқаларини узди. Ўша пайтдаги президент Родриго Дутерте мамлакатда наркотик савдосига қарши олиб борилган қонли кампания ортидан ХЖС эътиборига тушган эди. Суд унинг даврида содир этилган эҳтимолий жиноятларни ўрганишни бошлагач, Манила Рим статутидан чиқиш ҳақида билдиришнома юборди. Бироқ бу қарор терговни тўхтата олмади: суд Филиппиннинг аъзолик даврида содир этилган эҳтимолий жиноятларни кўриб чиқиш ваколатини сақлаб қолди.

Кейинги йилларда эса ХЖСдан чиқиш алоҳида давлатларнинг норозилигидан кўра, кенгроқ сиёсий тенденцияга айлана бошлади. 2026 йилда Буркина-Фасо, Мали ва Нигер ҳарбий ҳукуматлари судни “неоколониал репрессия воситаси” деб атаб, ундан чиқиш ниятини билдирди. Уларнинг эътирозлари бежизга пайдо бўлмаган. ХЖС фаолиятининг дастлабки йилларида терговларнинг катта қисми Африка мамлакатларига қаратилгани судни танлаб адолат ўрнатишда айблашга сабаб бўлган эди.

2026 йилнинг июлидан бошлаб бу жараёнга яна бир кучли сиёсий омил – АҚШнинг очиқ кампанияси қўшилди. Вашингтон ХЖСни шунчаки танқид қилиш билан чекланмай, бошқа давлатларни ҳам ундан узоқлашишга ундай бошлади. Давлат котиби Марко Рубио судни АҚШ суверенитетига таҳдид деб атаб, уни “ғиштма-ғишт парчалаш” учун барча воситалардан фойдаланилишини билдирди. Бу баёнот ортида эса анча жиддий манфаатлар турарди.

АҚШнинг суд билан зиддияти Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланиши билан янада кескинлашди. 2025 йил 6 февраль куни Трамп ХЖСга қарши санкциялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бунга суднинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани, шунингдек, Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари фаолияти юзасидан олиб борилган терговлар сабаб қилиб кўрсатилди. Вашингтон фикрича, Рим статутига қўшилмаган АҚШ ва Исроил фуқароларига нисбатан суд ваколатларининг қўлланиши давлат суверенитетига тажовуз эди. Шу асосда ХЖС бош прокурори Карим Хоннинг АҚШдаги активларини музлатиш ва унинг мамлакатга киришини чеклаш назарда тутилди. Кейинчалик санкциялар бошқа судья ва прокурорларга ҳам татбиқ этила бошлади.

Аммо Вашингтоннинг босими алоҳида мансабдор шахсларни жазолаш билан тугамади. 2026 йилнинг июлида Рубио судни халқаро майдонда яккалаш бўйича кенг кўламли дипломатик кампания бошланганини эълон қилди. АҚШ бошқа давлатларни ХЖС аъзолигидан чиқишга ундаш, суд билан ҳамкорлик қилувчи ташкилотларга босим ўтказиш, унинг ходимларига виза чекловлари жорий этиш ва молиявий имкониятларини қисқартириш каби чораларни кўриб чиқди. Сентябрь ойида эса бутун судга қарши санкциялар тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу шунчаки дипломатик норозилик эмас, балки халқаро суднинг кундалик фаолиятини издан чиқариши мумкин бўлган босим эди.

Шу тариқа, АҚШ кампанияси бошланганидан кейин яна тўртта давлат – Венесуэла, Чад, Тинч океанидаги Науру ва Тожикистон ХЖСдан чиқиш жараёнини бошлади. Айниқса, Чаднинг қарори эътиборга молик: мамлакат ташқи ишлар вазири АҚШ расмийси билан 23 июлдаги телефон мулоқотида Вашингтон суд фаолиятидан хавотир билдиргани ва аъзоликни қайта кўриб чиқишни сўраганини очиқ маълум қилди. Орадан тўрт кун ўтиб, Чад ташкилотдан чиқишини эълон қилди. Бу ҳолат АҚШ дипломатик босимининг айрим давлатлар қарорларига бевосита таъсир кўрсатганини кўрсатади.

Трампнинг яқинда Шэньчжэнда Россия ва Хитой раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам ХЖС фаолиятини чеклаш масаласини кўтариши Вашингтоннинг ташкилотга қарши кампанияси алоҳида дипломатик норозиликдан анча кенг кўламли эканини кўрсатади. Энг жиддий хавф шундаки, бу уч давлат судни расман тугатиб юбора олмаса-да, уни молиявий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан шу қадар заифлаштириши мумкинки, ХЖСнинг қоғоздаги ваколатлари амалда ишламайдиган механизмга айланиб қолиши эҳтимоли бор.
  
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг