Имомали Раҳмон Римда. Тожикистон Италия билан қайси йўналишларда ҳамкорлик қилмоқчи?
Олам
−
24 Апрель
5065Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Римда Италия Бош вазири Жоржия Мелони билан учрашди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар гидроэнергетика, енгил, озиқ-овқат, металлургия, тоғ-кон, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Тожикистон саноат соҳасини ривожлантириш учун Италия капиталини жалб қилиш ҳар икки давлат учун ҳам фойдали экани қайд этилди.
Тожикистонда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, Европа давлатларига экспорт ҳажмини ошириш учун кенг имконият ва ресурслар мавжудлиги таъкидланди. Икки томон ўртасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида тўғридан-тўғри авиақатновлар ва алоқаларни йўлга қўйиш, Италиядаги олий таълим муассасаларида Тожикистон фуқаролари учун квота ажратиш ҳам учрашувнинг мавзулари бўлди.
Томонлар БМТ, ЙХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар. Мураккаб халқаро сиёсий вазият муносабати билан замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашда самарали ҳамкорлик зарур деб топилди.
Тожикистон ва Италия ўртасидаги расмий учрашувлар ва музокаралар якунлангач, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокида ҳамкорлик тўғрисидаги янги ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Саммит якунлари бўйича жами 7 та янги ҳужжат имзоланди. Битимлар хавфсизлик масалалари, гиёҳвандликка қарши кураш, туризм ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.
Шунингдек, дипломатик паспорт эгалари учун виза талабларини бекор қилиш тўғрисидаги Битим имзоланди.
LiveБарчаси