“Хўрозқанд чет элники”. Адлиячилар оромгоҳида қимматбаҳо спиртли ичимликлар тортиладими?
Жамият
−
26 Апрель
10831Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Конвенцион марказ” давлат муассасаси томонидан жами 207 млн 260 минг сўмга чет элда ишлаб чиқарилган спиртли ичимликлар (вино, ароқ, виски, ликер, мартини, ром, бренди ва ҳоказолар) харид қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Жумладан, махсус ахборот порталида 15 млн 410 минг сўмга 46 дона “Jack Daniel’s Old №7” (АҚШ; виски; 0,7 л.; нархи – 335 минг сўм), 24 млн сўмга 60 дона “Водка Онегин” (Россия; ароқ; 0,7 л.; нархи – 400 минг сўм), 8 млн 400 минг сўмга 24 дона “Kingston 62 white” (Ямайка; ром; 1,0 л.; нархи – 350 минг сўм), 7 млн сўмга 24 дона “Riserva Speciale Rubino” (Италия; мартини; 0,7 л.; нархи – 292 минг сўм), 8 млн 880 минг сўмга 24 дона “Campаri” (Италия; ликер; 0,7 л.; нархи – 370 минг сўм) ва шу каби бир қанча “импортний” алкоголли маҳсулотлар сотиб олингани ҳақида маълумотлар жойлаштирилгани айтилган.
Ушбу ҳолатга Адлия вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
Унга кўра, ижтимоий тармоқларда ёритилган спиртли ичимликларни сотиб олиш юзасидан шартнома тузилганлиги масаласи бўйича Camphir Distribution Cо МЧЖ билан республика товар хомашё биржасининг электрон портали орқали тузилган 2023 йил 27 февралдаги 57-сон шартнома 2023 йил 6 апрелда бекор қилинган ҳамда спиртли ичимликлар хариди амалга оширилмаган.
Шунингдек, “Конвенцион марказ” давлат муассасаси адлия органлари ва муассасалари иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда ходимларни соғломлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Ушбу давлат муассасаси ўз уставига мувофиқ юклатилган вазифалардан ташқари, аҳоли ва хорижий сайёҳларга сифатли умумий овқатланиш, бар ва ресторан хизматларини ҳам кўрсатади.
Маълумот учун, Адлия вазирлигига тегишли “Конвенцион марказ” Бўстонлиқ тумани “Хумсон” МФЙда жойлашган “Олмос” дам олиш маскани ҳисобланади. Унда Адлия вазирлиги тизимидаги ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқаради.
LiveБарчаси