Ўзбекистонда экстремистик манбаларнинг электрон рўйхати юритилади
Local
−
10:50 371 2 minutes
Эндиликда Адлия вазирлиги экстремистик ташкилотлар, материаллар ва манбаларнинг электрон реестрини юритади. Бу “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида” ги қонунга киритилган қўшимчаларда белгиланган.
Реестр вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлади. Электрон реестрга қуйидагилар киритилади:
- экстремистик фаолиятга алоқадорлиги сабабли фаолияти тўхтатиб турилган ташкилотлар;
- экстремистик ташкилот деб топилган ташкилотлар;
- экстремистик материал деб топилган материаллар;
телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта экстремистик материаллар жойлаштирилган ва тарқатилган электрон манбалар.
Материал ёки манбани экстремистик деб топиш тўғрисидаги илтимоснома экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари томонидан Бош прокуратурага тақдим этилади.
Илтимосномага материал ёки манбада экстремистик материал мавжудлигини тасдиқловчи экспертиза хулосаси илова қилиниши шарт.
Бош прокуратура тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини текширади. Илтимоснома асосли деб топилган тақдирда, материал ёки манбани экстремистик деб топиш тўғрисидаги ариза Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга киритилади.
Материал ёки манбани экстремистик деб топиш Олий суд томонидан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди интернет жаҳон тармоғидаги диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхатини эълон қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди.