Энди уйларни “рассрочка”га олиб бўлмайдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда 2027 йилдан бошлаб уй-жойларни “рассрочка”га олиш имконияти бекор қилиниши ҳақида турли хабарлар тарқалди. Мазкур масала юзасидан Адлия вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Президентнинг жорий йилнинг 14 августдаги “Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 294-сон қарори билан 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи операторлар фаолиятини тартибга солиш белгиланган.

Муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар муддатли тўлов операторлари ҳисобланади. Улар махсус реестрга киритилади ва Марказий банк назорати остида фаолият юритади.

Бироқ қарорда кўчмас мулк оператор томонидан кўрсатиладиган муддатли тўлов хизмати объекти бўла олмаслиги белгиланган. Яъни воситачи-оператор орқали уй-жойни “рассрочка”га олиш имконияти бўлмайди.

Шу билан бирга, бу қурувчи ўз уйини харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас.

Қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига товарни тўғридан тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.

Шунинг учун харидорлар аввалгидек қурувчининг ўзидан уй-жойни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиши мумкин. Янги тартиб қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди.

Бундан ташқари, муддатли тўлов операторлари учун шартномалар, устама ва комиссияларга нисбатан аниқ талаблар белгиланади.

Шу тариқа, 2027 йилдан уй-жойни “рассрочка”га олиш бутунлай тақиқланмайди. Чеклов айнан операторлар орқали кўчмас мулкни муддатли тўлов асосида харид қилишга тааллуқли бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2027 йилдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг