Муддатли тўлов бозорида янги тартиб жорий этилиши мумкин – Марказий банк

Ўзбекистон

−

visibility3528 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистонда товар ва хизматларни бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотувчи ташкилотлар фаолияти устидан янги тартиб жорий этилиши мумкин. Унга кўра, белгиланган мезонларга мос келувчи ташкилотлар Марказий банкда ҳисобга олиниши шарт бўлади. Бу ҳақда Марказий банк тайёрлаган қарор лойиҳасида назарда тутилган.

Маълумотларга кўра, ҳисобот чораги якунида савдо айланмаси 500 млн сўмдан ошган ва ушбу айланманинг камида 50 фоизи бўлиб-бўлиб тўлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келган ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши керак. Бироқ мазкур талаб ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди.

Белгиланган мезонларга мос келадиган ташкилотлар ҳисобот даври тугаганидан кейинги ойнинг 20-кунига қадар Марказий банкка ариза ва зарур ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Қарор лойиҳасида белгиланишича, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи ташкилот Марказий банк юритадиган махсус реестрга киритилганидан кейин берилади. Банклар ва микромолия ташкилотлари ушбу реестрга Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш йўли билан киритилади.

Ташкилотларни аниқлаш жараёнида Солиқ қўмитаси электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн касса чеклари асосида шаклланган маълумотларни Марказий банкка тақдим этади. Марказий банк эса келиб тушган маълумотларни ўрганиб, таҳлил қилади.

Шунингдек, белгиланган мезонларга жавоб берадиган ташкилотларнинг Марказий банкда рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши низом талабларини бузиш деб баҳоланади.

Ҳужжатнинг 2027 йил 1 январдан амалга киритилиши кўзда тутилган. Айни пайтда қарор лойиҳаси юзасидан билдириш ва таклифлар киритиш жараёни 1 декабргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фуқароларга иш ҳақини ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу жараён Маблағларни тақсимлаш маркази орқали амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг