Тошкентдаги шифохоналар яна болалар билан тўлгани ростми?
Жамият
−
26 Апрель
14616Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ёш болалар орасида тана ҳарорати кўтарилиб, томоқ оғриғи кўпайгани, оқибатда болалар шифохонасига мурожаатлар сони ортгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Бунга пойтахт ССБ ўз муносабатини билдирди.
Унга кўра, ушбу видеода айтилган тиббиёт муассасаси Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси бўлиб, мазкур марказ 425 ўринга мўлжаллангани аниқланган. Шифохонага бир суткада ўртача 300-350 нафар бемор мурожаат қилиб, улардан 55-65 нафари стационар ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилади. Қолганларга эса бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, яшаш ҳудуди бўйича оилавий шифокор назоратига юборилади.
"Бугунги кунда ушбу тиббиёт муассасаси қабулхонасига фақатгина тана ҳарорати кўтарилиши ёки томоқ оғриғи билан эмас, балки аллергик тошмалар, ич кетиши, кўз ва қорин оғриғи, чақалоқларнинг қулоғи оғриши, безовталик, аппендицит, диск чурраси каби ташхислар билан ҳам мурожаат бўлмоқда. Оилавий поликлиникалар фаолияти эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача давом этишини инобатга олсак, тунги пайт бемор болаларга тиббий ёрдам олиш учун асосан болалар шифохонасига мурожаат қилинади. Натижада кечки вақтда беморлар сони бирмунча ортади", дейилади ССБ изоҳида.
Бундан ташқари, пойтахтда республика даволаш муассасаларидан ташқари, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи 5 та клиник ва 5 та юқумли касалликлар шифохонаси тун-у кун фаолият юритмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, ССБ пойтахт шифохоналарига иситма ва томоқ оғриғи бўйича мурожаатлар сони ортгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилган.
LiveБарчаси