Миср Исроилни Рафаҳга ҳужуми оқибатларидан огоҳлантирди

Олам

image

Миср Исроилни Рафаҳ шаҳрига уюштирмоқчи бўлаётган эҳтимолий ҳужуми ҳалокатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, AP хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 26 апрель куни Миср Ғазода ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга воситачилик қилиш умидида Исроилга юқори даражали делегация юборган. Делегацияга мамлакатнинг юқори даражали разведка ходими Аббос Камол бошчилик қилмоқда.

“Ташрифдан мақсад Исроил билан Ғазода узоқ муддатли оташкесим бўйича "янги шартлар"ни муҳокама қилишдир”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Миср расмийсининг нашрга билдиришича, айни пайтда Қоҳира Тель-Авивни одамлар гавжум бўлган Ғазодаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилиши оқибатлари аянчли бўлишидан огоҳлантирган. Уруш давом этар ва қурбонлар ортиб борар экан, ҲАМАС ва Исроилга ўзаро сулҳ тузиши учун халқаро босим кучаймоқда.

"Жума кунги музокаралар аввало, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар билан чекланган тарзда алмашиш ва кўчирилган фаластинликларнинг катта қисмини Ғазо шимолидаги уйларига "минимал чекловлар билан" қайтаришга қаратилган. Ва умид қиламизки бундан кейин ҳам музокаралар давом этади ва урушни тугатиш учун каттароқ келишувга эришилади", деган Миср расмийси.

Унинг таъкидлашича, воситачилар ҳар икки томоннинг асосий талабларига жавоб берадиган келишув устида ишламоқда. Бироқ ҲАМАС Исроил Ғазода ўз аскарларини тўлақонли ҳолда олиб чиқиб кетмагунига қадар ўт очишни тўхтатмаслигини айтган. Исроил ҳам келишувга рози эмас. Сионистлар ҲАМАС тўлиқ йўқотилгунига қадар ҳарбий амалиётларини давом эттиришини ва келгусида Ғазода хавфсизлик кучларини сақлаб қолишини билдирган.

Музокаралар олдидан ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Басем Наим Ғарб нашрларига "қўйилган шартларга ҳеч қандай ўзгартириш киритмаслиги"ни айтиб ўтган.

Айни пайтда, Исроил Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисининг ярмидан кўпи бошпана излаган Рафаҳ шаҳрига деярли ҳар куни рейдлар ўтказмоқда. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари ўнлаб танклар ва зирҳли техникаларни Исроил жанубидаги Рафаҳга яқин бўлган ҳудудга тўплаб, шаҳарга бостириб киришга тайёрланмоқда.

Рафаҳ ҳам Ғазо-Миср чегарасига туташган. Миср Бош разведка хизматига раҳбарлик қилувчи Аббос Камол Исроилда бўлганида, Миср Исроилнинг ушбу чегара бўйлаб қўшинларини жойлаштиришига "тоқат қилмаслигини" билдирмоқчи.

Чоршанба куни ҳам Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиссий Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми "Ғазодаги гуманитар вазият, шунингдек, минтақавий тинчлик ва хавфсизлик учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши" ҳақида огоҳлантирганди.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушда 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг учдан икки қисми болалар ва аёллардир.

Муқаддасхон Саттарова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Миср Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made