Энди радар жарималарини тўламаслик мумкин бўлади, агар...
Жамият
−
23 Апрель
33537Эндиликда Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида келмаса, у бекор бўлиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси бугун, 23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқишни тугатиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситалари ҳамда индивидуал ҳаракатланиш воситаларини (скутер, мопед, велосипед ҳайдовчи, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши) бошқариш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
LiveБарчаси